Дунё

Жанубий Корея президентининг паспорт маълумотлари интернетга сиздирилди

Президент рафиқаси ва маъмурият ходимларининг шахсий маълумотлари ҳам пулли ресурсга жойлаштирилди. ТИВ ҳолат юзасидан текширув бошлади.

Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнгнинг паспортига оид маълумотлар интернетга сиздирилди. Унинг июн ойида Европага қилган сафари билан боғлиқ шахсий маълумотлар интернетда пайдо бўлди, шундан сўнг Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан текширув бошлади.

Айни пайтда президент, унинг рафиқаси ва маълумотлари ошкор бўлган бошқа расмий шахслар учун янги паспортлар расмийлаштириш чоралари кўрилмоқда. Ли Же Мёнгнинг июн ойида Европага қилган сафарида қатнашган 168 кишининг шахсий маълумотлари жамланган файл пулли интернет ресурсга жойлаштирилган. Улар орасида президентнинг ўзи, рафиқаси Ким Хе Гён, президент маъмурияти, Ташқи ишлар вазирлиги ва қўриқлаш хизмати ходимлари, шунингдек, журналистлар ҳам бор.

Файлда шахсларнинг корейс ва инглиз тилларидаги исм-шарифи, лавозими, туғилган санаси, паспорт рақами ва ҳужжатларнинг амал қилиш муддати кўрсатилган. Тахминларга кўра, маълумотлар 2-июн куни, яъни президентнинг Белгия, Италия ва Франсияга сафаридан тахминан бир ҳафта олдин интернетга жойлаштирилган.

Президент маъмурияти бу ҳолатдан хабардор эканини ва тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди. Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳодиса тафсилотларини аниқлаш учун текширув бошлади. Текширув давомида маълумотлар ҳимояланган тизимлардан қандай қилиб чиқиб кетгани аниқланиши керак. Бунда ходимларнинг эҳтимолий хатти-ҳаракатлари, маълумотларни сақлаш қоидаларининг бузилиши ёки ташқи аралашув эҳтимоли ҳам кўриб чиқилади.

Шунингдек, вазирлик президентнинг сафари билан боғлиқ маълумотлар қайта сизиб чиқишининг олдини олиш учун сафарни ташкил этишда фойдаланилган компютер ва электрон почта ҳисобларини техник текширувдан ўтказмоқда. Маълумотларни сайтдан олиб ташлаш ва уларнинг яна тарқалишига йўл қўймаслик чоралари ҳам кўрилган.

КБС телеканали интернетда ушбу маълумотларни аниқлаганидан сўнг, президент маъмуриятини хабардор қилганини билдирди. Ҳозирча маълумотларнинг бошқа манбаларда ҳам тарқалганига далиллар мавжуд эмас.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.