Истанбулдаги мушташувда ҳалок бўлган шахс Туркманистон фуқароси бўлиб чиқди
Ўзбекистоннинг Стамбулдаги Бош консулхонаси тўй залидаги низодан сўнг ҳалок бўлган 33 ёшли Клич Буриев Ўзбекистон фуқароси бўлмаганини аниқлади.

Истанбулдаги мушташувда ҳалок бўлган шахс Туркманистон фуқароси бўлиб чиқди
Истанбулнинг Кючюкчекмедже туманидаги тўйхонада юз берган можаро оқибатида ҳалок бўлган эркак Ўзбекистон эмас, балки Туркманистон фуқароси бўлган.
Бу ҳақда Туркия ОАВларида аввалроқ тарқалган маълумотларни текшириш якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, ҳалок бўлган шахс 33 ёшли Клич Буриев бўлган. Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Истанбулдаги тўйхоналардан бирида содир бўлган мушташувдан сўнг бир киши вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган ва бу унинг фуқаролиги бўйича саволларни келтириб чиқарган эди.
Бош консулхона ОАВ вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳодиса ҳақида материаллар тайёрлаш ва тарқатишда аниқланган ҳолатларни ҳисобга олишга чақирди.
Дипломатик ваколатхона, шунингдек, марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

