Истанбулда икки ўзбек аёлини ўлдириб, жасадларини бўлакларга ажратган қотиллар умрбодга қамалди
Истанбулда икки ўзбекистонлик аёлни ўлдириб, жасадларини бўлакларга ажратган ва шаҳарнинг турли туманларидаги чиқинди қутиларига ташлаган икки нафар Ўзбекистон фуқаросига икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси берилди.

Истанбулда икки ўзбек аёлини ўлдириб, жасадларини бўлакларга ажратган қотиллар умрбодга қамалди
Истанбулнинг Умрания туманида ўлдирилган 36 ёшли Дурдона Ҳакимова ва 32 ёшли Сайёра Эргашалиева иши юзасидан 11-сентабр куни якуний суд мажлиси ўтказилди. Қотиллик қилиб, жасадларни шаҳарнинг турли туманларидаги чиқинди қутиларига ташлаганликда айбланган 31 ёшли Дилшод Турдимуротов ва 29 ёшли Ғофуржон Камолхўжаевга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
Суд ҳар икки айбланувчини “қасддан, ваҳшийлик ҳисси билан ёки азоб бериб ўлдириш” жинояти учун икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бундан ташқари, “шахснинг ўлимидан фойдаланиб, турар жойда ўғрилик қилиш” жинояти бўйича улардан ҳар бирига икки мартадан 7 йил, жами 14 йилдан қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 24-январида Истанбулда Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимованинг бошсиз танаси чиқинди контейнеридан топилган эди. Қотилликда гумон қилинган икки нафар ўзбекистонлик эркак Истанбул аеропортида қўлга олинган.
Тергов доирасида Дурдона Ҳакимованинг ўлими юзасидан ҳибсда бўлган Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаев билан ўтказилган суҳбатлар натижасида Сайёра Эргашалиева ҳам 23-январ куни ўша хонадонда ўлдирилгани маълум бўлган. Уларнинг жасадлари бўлакларга ажратилиб, Истанбулнинг турли туманларидаги чиқинди қутиларига ташланган.

