Қозоғистонлик сталкер талаба қизни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 21 ёшли аёл Нурай Серикбайни ўлдирганликда айбланган 28 ёшли Шерхан Аймаханга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд уни никоҳга мажбурлаш, сталкинг ва ўта шафқацизлик билан одам ўлдиришда айбдор деб топди.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 21 ёшли талаба қиз Нурай Серикбайни ўлдирганликда айбланган 28 ёшли Шерхан Аймахан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жиноят ишлари бўйича суднинг қарорига кўра, Аймахан Қозоғистон Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топилди: 125-1-модда ("Никоҳга мажбурлаш"), 115-1-модда ("Сталкинг") ва 99-модда 2-қисми 5-банди ("Ўта шафқацизлик билан одам ўлдириш").
Суд ҳукмига кўра, Аймахан жабрланувчилар фойдасига 25 миллион тенге (тахминан 54 минг доллар) миқдорида маънавий зарар ва 5 миллион тенге (тахминан 11 минг доллар) миқдорида моддий зарар тўлаши шарт.
Нурай Серикбай 2024-йил 11-январ куни кечқурун Чимкентдаги уйи яқинида ўлдирилган. Гумонланувчи Шерхан Аймахан икки кундан сўнг, шаҳардан тахминан 10 километр узоқликда қўлга олинган.
ОАВ маълумотларига кўра, Аймахан аввалроқ Нурайга турмуш қуришни таклиф қилган, бироқ рад жавобини олган. Шундан сўнг у қизни ўғирлаб кетган. Нурайнинг қариндошлари уни уйига қайтариб, полицияга мурожаат қилишган, аммо уларнинг аризаси бўйича жиноят иши қўзғатилмаган. Яқинларининг таъкидлашича, Аймахан Нурайни узоқ вақт таъқиб қилиб юрган.
Тергов маълумотларига кўра, қотиллик содир этилган куни Аймахан қизга 35 марта пичоқ урган, Нурай воқеа жойида вафот этган.
Ушбу қотиллик жамоатчиликда катта резонанс келтириб чиқарди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Чимкент полицияси ҳаракатларини текширишни буюрди. Натижада, шаҳар полиция департаменти бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди, бир қатор полициячиларга нисбатан эса хизмат вазифасига совуққонлик билан қараганлик факти юзасидан тергов бошланди.
Феврал ойида тергов айбловни "ўта шафқацизлик билан одам ўлдириш" жиноятига қайта малакалади. 30-апрел куни ўтказилган суд-психиатрия экспертизаси Аймаханни ақли расо деб топди.
Аймахан ўз айбига иқрор бўлмади. Суд жараёнида у фожиа юз берган куни Нурай биринчи бўлиб унга пичоқ урганини, шундан сўнг аффект ҳолати туфайли кейинги воқеаларни эслай олмаслигини даъво қилди. Бироқ, судя Самиддин Темиралиев бу версия билан судланувчининг дастлабки терговдаги кўрсатмалари ўртасида зиддиятлар мавжудлигини таъкидлади.

