Иқтисодиёт

Иссиқлик таъминотида тарифлар таннархни қоплайдиган даражага етказилади

Ўзбекистонда 2030-йилгача иссиқлик тарифларини босқичма-босқич таннарх даражасига етказишга қарор қилинган. Аҳоли учун ҳозирги тарифлар таннархнинг қарийб 20 фоизини қоплайди. Буни 100 фоизга етказиш учун бир томондан тарифларни эркинлаштириш, бошқа томондан эса тармоқларни янгилаш, йўқотишларни камайтириш ва бошқарувни яхшилаш ҳисобига таннархни камида 30-40 фоизга пасайтириш режа қилинган.

Иссиқлик таъминотида тарифлар таннархни қоплайдиган даражага олиб чиқилади

Ўзбекистонда 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларини сезиларли даражада ошириш, 2028-йил 1-майдан эса уларни инфляцияга қараб, бироқ 10 фоиздан юқори бўлмаган суръатда йиллик индексация қилиш режалаштирилмоқда. Шу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев 15-октабр куни ўтказилган матбуот анжуманида бу қарорнинг сабабларини тушунтирди.

“Аввало, бир нарсани айтмоқчиман, Тошкент шаҳрида 2019-йилдан 2024-йилгача иссиқлик ва иссиқ сув тарифлари ўзгармаган. Беш йил давомида тарифлар ўзгармаган, лекин энергия ресурслари, иш ҳақи ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати ошган. Шундан келиб чиқиб, 2024-йилда тарифлар 15 фоизга, 2025-йилда эса икки марта 15 фоиздан оширилди. 2026-йилда тарифларни 30 фоизга ошириш таклиф қилиняпти.

Кейинги йилда яна шундан келиб чиқиб кўриб чиқилади ҳамда 2028-йилдан бошлаб иссиқлик ва иссиқ сув тарифлари, худди электр энергияси ва газ тарифлари каби, ҳар йили 1-майдан инфляция даражасида, бироқ 10 фоиздан ошмаган миқдорда индексация қилиб борилади.

Ҳозирги кунда иссиқлик ва иссиқ сув хизматларининг таннархи билан аҳолига сотиш нархи ўртасида беш баравар фарқ бор. Юридик шахслар учун тариф таннархга яқинроқ, аҳоли учун эса анча паст. Ўртадаги фарқ давлат бюджетидан субсидия қилиб берилади. Бутун дунё тажрибасидан биласизлар, ўз таннархи даражасида сотилмайдиган маҳсулот етказиб берилиши кафолатланган бўлмайди”, – деди Мустафоев.

2025-йил 11-мартда қабул қилинган президент қарорига кўра, 2030-йилгача иссиқлик таъминоти хизматлари учун аҳолига қўлланадиган пасайтирилган тарифларни босқичма-босқич таннарх даражасига етказиш назарда тутилган. Вазир ўринбосарининг айтишича, бунга фақат тарифларни ошириш орқали эришиб бўлмайди, 2030-йилгача таннарх камида 30-40 фоизга пасайтирилиши керак.

“Таннархга етиш фақат тариф орқали амалга оширилмайди. Аввало, компания таннархни пасайтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилади. Ўша қарорда ҳам ёзилган: ҳар йили таннархни 15 фоиздан кам бўлмаган даражада пасайтириш бўйича дастур ишлаб чиқилади ва уни амалга оширади. Иккинчиси, ҳозирги кунда иситиш хизматида йўқотишлар ҳам бор – буни ҳамма билади, ўша йўқотишларни техник аудитдан ўтказган ҳолда, йўқотишларни камайтириш бўйича модернизация дастури ишлаб чиқилади. Бунинг натижасида таннархни камида 30-40 фоизга камайтирса бўлади”, – деди у.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.