Иқтисодиёт

Иссиқлик тарифлари, ёпиқ имтиёзлар ва пенсия ислоҳоти - Отабек Бакиров билан фискал таклифлар таҳлили

Иссиқлик тарифларини ижтимоий нормадан ташқарида беш баробаргача ошириш, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг солиқ режимини ЯТТлар билан тенглаштириш, уяли алоқа компанияларига фойда солиғини камайтириш, пенсия тизими ва таълим кредитини такомиллаштириш.

**Иссиқлик тарифлари, имтиёзлар ва пенсия ислоҳоти: Отабек Бакиров билан фискал таклифлар таҳлили**

Молия вазирлигининг Фискал таҳлиллар институти июл ойининг охирида эълон қилган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган таклифлар орасида иссиқлик тарифлари, ёпиқ имтиёзлар ва пенсия ислоҳоти масалалари ҳам бор. Kun.uz ушбу таклифлар юзасидан иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбатлашди.

**“Мулоқот давом этиши шарт”**

Отабек Бакировнинг таъкидлашича, аввалги йилларда солиқ ва бюджетдаги ўзгаришлар жамоатчилик билан муҳокама қилинмас эди. Ҳар йили декабр ойининг охирида, парламент қуйи палатасида бир неча соатлик муҳокамалардан сўнг тасдиқланадиган бюджет орқали бу ўзгаришлардан хабар топиларди. Бу ҳолат доимий равишда кўплаб муҳокамалар ва танқидларга сабаб бўларди. Шу нуқтаи назардан, Бакировнинг фикрича, ҳозирги мулоқотнинг пайдо бўлгани қувонарли ҳол. Унинг таъкидлашича, бу мулоқот давом этиши керак, чунки ёқимсиз ва мураккаб масалаларнинг ечимини, муросасини мулоқоциз топиб бўлмайди.

Иккинчидан, фискал мулоқотда билдирилган кўплаб таклифлардан фақат иккита-учтаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Асосан, одамларнинг чўнтагига, солиғининг ошишига ёки ташвишига бевосита таъсир қиладиган масалалар муҳокама қилинди. Аксарият масалалар четда қолиб кетгандек туюлди. Бакировнинг айтишича, иссиқлик тарифлари масаласи ёзнинг жазирамасида долзарб муаммо бўлмагани учун кўп муҳокамаларга сабаб бўлмади, у куз ва қишга бориб муҳокама қилиниши керак бўлган масала сифатида қабул қилинди.

**Иссиқлик таъминотида таннарх қанчалик ҳаққоний?**

Иссиқлик тарифлари масаласига тўхталиб, Бакиров сўнгги уч йилда бу масала ҳар йили кўтарилишини қайд этди. Тошкент шаҳри иссиқлик тарифлари бўйича энг кўп субсидия оладиган ҳудуд ҳисобланади. Веолиа бошқарувига берилганидан сўнг, аҳоли тўловлари таннархнинг 15 фоизидан бошлаб, аста-секин 16, кейин 17 фоизига чиққани айтилган. Ўтган йилги тарифлар оширилганидан кейин эса аҳоли тўловлари таннархнинг 18-20 фоизини қоплаётгани маълум қилинган эди. Бакиров ўшанда ҳисоб-китоб қилиб, агар тариф ҳар йили 50-55 фоиздан ошириб борилса, тахминан тўрт йил ичида базавий тарифга етказиб олиш мумкин бўлишини айтган.

Бу ерда жуда муҳим жиҳат бор: агар улар айтаётган таннарх ҳақиқатан ҳам ҳаққоний бўлса. Бироқ, энергетика, транспорт ва бошқа давлат монополиялари кўрсатаётган хизматларда таннархнинг ҳаққонийлиги доим савол остида қолади. 2022 йилдан бошлаб энергетикадаги ҳар киловатт соатининг, газ кубасининг таннархи ҳақида гапирилади, улар ҳар йили ошириб борилади. Аммо бу таннарх қанчалик ҳаққоний деган саволга ҳеч ким жавоб бермайди.

Фискал мулоқотда мавжуд амалдаги тарифларни 5,5 баробарга кўтариш, 60 квадрат метргача ижтимоий нормани жорий қилиш, иккинчи ва ундан кейинги квартираларга тўлиқ тижорий тарифларда хизмат кўрсатиш таклифлари илгари сурилган. Бакировнинг фикрича, бу таклифлардан аввал, таннарх масаласининг шаффофлигини таъминлаш ва мустақил ўрганишлар ўтказиш зарур. Унинг саволлари: таннарх ўзи қанча? Таннарх қанчалик оширилган, бошқарув, маъмурчилик, кредитлар ва сотиб олинаётган техника ускуналари билан боғлиқ харажатлар қанча? Бакировнинг таъкидлашича, фақатгина манфаатдор томоннинг рақамларига ишониб қолмасдан, аввал таннарх қанақа деган саволга жавоб бериш керак. Бу аҳоли ишончи учун ҳам муҳим.

Иккинчи масала шуки, бу масалани ҳар йили кейинга суриш нотўғри. Ўзбекистон бўйича марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати саноқли шаҳарларда мавжуд. Бошқача айтганда, Тошкент шаҳри ва бир неча кичик шаҳарларда марказий иситиш тизими ишлаши учун бутун Ўзбекистон солиқ тўлайди. Яъни, Андижонлик, Сурхондарёлик кўмир ёқадиган, Хоразмда ўтин ёқадиган солиқ тўловчилар Тошкент шаҳри, Навоий ёки Зарафшон шаҳридаги қулайлик учун ўзларининг тўлаган солиғи ҳисобига қолганларга субсидия берилади. Бу қанчалик адолатли?

Учинчи масала шуки, иссиқлик учун субсидиялар йилдан йилга ошиб бормоқда. Бакировнинг айтишича, жами субсидияларнинг бюджетдаги улуши камайтириб борилаётганига қарамай, ҳатто газга ажратилаётган субсидиялар ҳам камайтирилса-да, иссиқликка ажратилаётган субсидиялар йилдан йилга ошиб бормоқда. Буни қаердадир тўхтатиш керак.

Агар давлат субсидия берар экан деб, харажатларни амалга ошираверса ва уни қоплашда давом этаверса, бунинг ниҳояси қаерда? Бу қаерда тўхтайди? Бакировнинг фикрича, бу саволга ижро нуқтаи назаридан жавоб берилиши керак, бугун бўлмаса эртага.

Бакиров фискал мулоқотда аниқ режа кўрмаганини таъкидлади: "Мана бизнинг режамиз шундай, бу режани амалга оширилиши 2027-йилда бу қадам билан, 2028, 2029, 2030-йилда бу қадам билан амалга оширилади деган таклифни кўрмадим. Яъни умумий гап айтилди, беш-беш ярим баробар биз тарифларни оширамиз дейилди. Бу қанча муддат ичида амалга оширилади? Қанақа қадамлар қўйилади? Яъни бу юк бирданига аҳолига, айниқса ижтимоий оғриқларга эга аҳолига қандай таъсир кўрсатади деган саволларга жавоб олганимиз йўқ."

**Бюджетга қўшимча тушумлар қаерга сарфланади?**

Солиқ ва бюджет билан боғлиқ ҳар қандай ўзгаришлар "ниманинг эвазига нимага эришмоқчимиз" деган саволга жавобдан бошланиши керак. Бакиров Фискал институтни танқид қилишни истамаслигини, чунки улар бюджетнинг харажатлар қисмига тўла-тўкис таклиф бера олмаслигини, чунки унинг устида турган бошқа давлат органлари ҳам борлигини айтди. Агар Фискал институт самимий, халққа тушунарли бўладиган мулоқотни давом эттиришни истаса, битта нарсани аниқ қилиб етказиш керак бўлади: "Бизга 2027 йилда шунча қўшимча бюджет даромади керак. Айтайлик, 10 триллион сўм қўшимча бюджет даромади керак."

Хўп, бу қўшимча даромадларни нимага сарфлаймиз? Маъмурий харажатларга, яъни бошқарув харажатларига, амалдорларга сарфлаймизми, иқтисодиёт харажатларига, ижтимоий харажатларгами, шуни аввалбошдан айтиш керак.

Масалан, иссиқликдан 2 триллион субсидия бўшатиб олинмоқчи. Қўшимча солиққа тортиш, ЯТТларни ёки ўзини ўзи банд қилганларни қўшимча солиққа тортиш ҳисобидан, айтайлик, 1 триллион сўм қўшимча тушумга эришмоқчимиз. Яна қайсидир соҳа, масалан углерод солиғини жорий қилиш орқали шунча қўшимча бюджет олмоқчимиз. Бўшаган даромадларни ва қўшимча келган даромадларни шу соҳаларга сарфламоқчимиз дейдиган бўлса, ўз-ўзидан бу ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлади.

Исталган мамлакатда, эркин дунё мамлакатларида ҳар қандай солиқ ўзгаришлари фақатгина у солиқларни жорий қилиниши билан эмас, ўша солиқлардан келадиган қўшимча даромадлар ёки бўшаган маблағларни қаёққа қандай тақсимланиши ҳақида бўлади. Бакиров мана шу тақсимланиш бўйича муҳокамаларни ёки таклифларни кўрмаганини айтди.

Ўз-ўзидан, бу таклифлар ижобий қабул қилинмагани ёки кўтаринки руҳ билан қабул қилинмаганининг сабаби ҳам шунда. Солиқ тўловчи "Биз нима учун иссиқликка энди кўпроқ тўлаймиз, эвазига нима оламиз" деган саволга жавоб ола олиши керак. Бу тарафи кафолатланмасдан туриб, бу ёқдан таклиф берилиши ишонч яратмайди, кўприк яратмайди.

2017 йилдан буёғига қарайдиган бўлсак, ҳар сафар қўшимча солиқлар, қўшимча тарифларнинг ошиши эвазига нима олингани билан бўлган моддий картина яратилгани йўқ. Шу моддий картинага ишонч ҳосил қилдирилиши керак.

**“Ёпиқ тарзда берилган имтиёзлар бекор қилиниши керак”**

Бюджет даромадларини кўпайтириш, қўшимча солиқлар ёки тарифлар масаласи келганда доим айтамиз: "Тўхтанглар, аввал биринчи навбатда шу пайтгача берилган имтиёзларни, у очиқми, ёпиқми, қанчалик самарали бўлганини бир ўзимизга белгилаб олайлик."

Айрим имтиёзлар ҳалигача ишлаб келяпти. Мисол учун, ёпиқ имтиёзларнинг жуда кўпчилиги ҳалигача ишлаб келяпти. Жуда кўпини билмаймиз. ОАВга тақдимот қилинган рақамларни кўрадиган бўлсангиз, ўша имтиёзларни ёпиқ қарорлар асосида берилган таснифи, очиқ қарорлар асосида берилган таснифи йўқ. Солиқлар қирқимида таснифи бор имтиёзларнинг, қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи ва ҳоказо, айланмагача бўлган қисми бор. Лекин бу имтиёзларнинг қанчасини биз бож бўйича, солиқлар бўйича ёпиқ кўринишда берганмиз?

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ҳар йили эълон қилиб боряпти, ким қанча имтиёз олди деб. Ҳаттоки Коррупсияга қарши кураш агентлигида ҳам ўша ёпиқ имтиёз олганларнинг қанча имтиёз ҳажми борлиги тўғрисида маълумот олишга имкони йўқ.

Мувозанат масаласини кўришимиз керак деган пайтда, аҳолига келган жойи кўриляпти-да, йирик бизнесга – ўша катта давлат дастурларига кириб олган, давлат буюртмаларига кириб олган, турли пудратлар, турли йирик инвестицион лойиҳалардаги субъектларнинг имтиёзлари ҳақида гап очилмаяпти умуман. Шу ерда самимият масаласи кўтарилади.

Шунинг учун мана шу тафтиш қисми, аввал берилган, айниқса ёпиқ кўринишда берилган имтиёзларни қайта кўриб чиқилиши, уларни бекор қилиниши масаласи ҳам кун тартибида баб-баравар бўлиши керак. Агар шу кун тартибида бўлмайдиган бўлса, бу худдики ўгай болага битта муносабат, ўзини боласига битта муносабат бўлгандек бўлади.

**“ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилганлар солиғи тенглаштирилса, имтиёз олган компаниялар ҳам ижтимоий солиқни тўлаши керак”**

Ҳозир якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилганлар айланмадан 1 фоиз солиқ тўлайди. Фарқи: ЯТТларда беш нафаргача ходим ёллаш имконияти бор ва улар ҳар ой 1 БҲМ миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди. Ўзини ўзи банд қилганлар учун эса ижтимоий солиқ ихтиёрий, улар агар иш стажи ҳисобланишини хоҳласа, йилига 1 БҲМ ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Фискал институт 2027-йилдан бошлаб ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқни тенглаштиришни таклиф қиляпти. ЯТТлар ва ўзбандларга йилига тахминан 2 млн сўм атрофидаги ижтимоий солиқ белгилаш илгари суриляпти. Бу таклифда ижтимоий солиқ ЯТТлар учун камаяди, ўзбандлар учун эса ошади ва мажбурий бўлади.

Шу ерда битта савол туғилади. Агар ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганларнинг солиқ юки тенглаштириладиган бўлса, ўзини ўзи банд қилишнинг моҳияти қолмай қолади-ку? Сабаби, ўзини-ўзи банд қилганлардан фарқли равишда, ЯТТлар бештагача одам ёллай олади. Яъни улар нима учун кўпроқ солиқ тўлар эди, деган саволга жавоб шу ерда.

Иккинчиси, ЯТТлар чакана савдо билан шуғулланиши мумкин. Ўзини ўзи банд қилганлар эса савдо билан шуғуллана олмайди. Бу ерда оқибатлар ҳақида гапиришимиз керак, яъни бугун мавжуд бўлган 2,8 миллион ўзбанд эртага ҳаммаси солиқ тўловчига айланиб қолади деган хулосага келмаслик керак. Математик янглишув бўлади. Яъни бугун мавжуд бўлган 380 минг ёки 400 минг атрофидаги ЯТТларнинг ҳақиқатан ҳам солиғи камайиши мумкин. Лекин 2,8 миллион ўзини ўзи банд қилганларнинг ҳаммаси эртага ижтимоий солиқ тўловчисига айланиб қолади, деган фикрга ёки моделга бормаслик керак.

Агар ЯТТ ва ўзбандлар ўртасида фарқ йўқолса, ўзини ўзи банд қилганларнинг жуда катта қисми ёпилади ёки ЯТТга ўтиб олади. Нима қилади солиқ юки бир хил бўлса-ю, имтиёзи бўлмаса?

Ўзини ўзи банд қилиш мақоми пандемия пайтида, даромадлари доимий бўлмаган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун жорий қилинган эди. Унгача бизда бу мақом мавжуд эмас эди. Кейинги йилларда бу аҳолини банд қилишдаги асосий инструментга ҳам айланди. Демак, бу таклифлар агар амалиётга жорий қилинадиган бўлса, қабул қилиш керак бўладики, ўзини ўзи банд қилганлар сони кескин камаяди. Фаолиятини давом эттирадиганлар, давом эттириш истагидагилар ЯТТга ўтиб олади.

Ижтимоий солиқ тўғрисидаги таклифлар тўғри. Ҳаммага баб-баравар юк тушиши керак. Бекорга бу мазмунни яна бояги имтиёзлар масаласига олиб бориб тақамоқчи эмасман. Бизда 2020 йилдан кейин ижтимоий солиқдан тўлиқ озод қилинган компаниялар бор. Очиқ қарорлар билан, ёпиқ қарорлар билан. 1 фоизлик ижтимоий солиқ тўлайдиган ҳудудларимиз ёки соҳаларимиз бор, тармоқларимиз бор. Демак, у ерда ҳам шу минимумни жорий қилиш керак бўлади. Чунки яна номутаносиблик пайдо бўлади. Биз ЯТТлар ва ўзбандлар ўртасидаги адолатни таъминламоқчи бўлаётган бўлсак, шу адолатимизни бошқа имтиёзли гуруҳларга ҳам, имтиёзли компанияларга ҳам татбиқ этишимиз керак бўлади. Акс ҳолда, бизнинг самимиятимиз боягидек саволли бўлиб қолади. Бу таклифларга ҳеч ким ишонмай қолади.

Шунинг учун агарда ўзбандлар ва ЯТТлар билан боғлиқ ижтимоий солиқ масаласи таклиф этилаётгандек жорий қилинадиган бўлса, шу минимумни, яъни жон бошига, ҳар бир банд аҳолига 2 миллион сўм атрофидаги маблағни имтиёзи бор бўлган компанияларнинг ходимларига ҳам минимум сифатида ишлатиш керак. Бошқача вариантни мен кўрмаяпман.

**“Банклар ва уяли алоқа компанияларининг фойда солиғи пасайтирилмаслиги керак”**

Аввалига нима сабабадан тижорат банклари, бозорлар ва уяли алоқа компанияларининг фойда солиғи 20 фоиз бўлиб келганини тушунтирсам. Янги Солиқ кодексига 2020-йилдан ўтилганди. Унда фойда солиғи ҳаммага 15 фоиз, банклар, уяли алоқа ва бозорларга эса 20 фоиз деган масала ўша пайтдаги консенсус билан боғлиқ эди. Яъни солиқ реформамиз пайтида бюджет даромадларини пасайтириб юбормаслик масаласи ҳам бор эди. Банклар, бозорлар ва уяли алоқа компаниялари – доимий юқори даромадга эга субъектлар. Улар йирик солиқ тўловчилар ҳисобланади ва уларнинг алоҳида маъмурчилиги, солиқ назорати бор. Уларнинг даромади доимий, улардан солиқ олиш жуда ҳам осон. Шунинг учун ҳам ўша ўтиш даврида бюджет даромадларини камайтириб юбормасликнинг усулларидан бири – доимий солиқ тўлаётган шу учта тоифага 20 фоизлик ставкани қолдириш эди. (Нима сабабдан уларга фойда солиғини 20 фоиз ставкада қолдиряпмиз, қолганларникини 15 фоизга туширяпмиз деган саволга аниқ жавоб бўлмаган эди. Юқоридагилра – бу менинг мулоҳазам).

Иккинчи масала, ҳамма муҳокама қилди, банкларни энди бундан буёғига пулда ифодаланган хизматлари учун қўшилган қиймат солиғи тўлаши-ю, эвазига фойда солиғининг 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши кўп муҳокама бўлди. Лекин уяли алоқа компанияларига келганда ҳеч ким бу масалани кўтаргани ҳам йўқ. Сиз билан суҳбатимиз бошида айтиб кетдим-ку, жуда кўп таклифлар, ўндан ортиқ таклифлар ичида муҳокама қилинмасдан тирқишдан ўтиб кетадиган таклифлар ҳам бор. Шу тирқишдан ўтиб кетиши кутилаётган таклифлардан бири, мени назаримда, уяли алоқа компаниялари учун солиқ ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш. Мен бунинг маъносини тушунмадим.

Охирги уч йил ичида уяли алоқа компаниялари учун аксиз солиғи 20 фоиздан нолга тушириб берилди. Аввал 20 дан 15 га, кейин 15 дан 10 фоизга, кейин умуман бекор қилинди. Айни бир пайтда уяли алоқа компаниялари тарифларни оширишдан тўхтагани йўқ. Хизматларни яхшилаб қўйгани йўқ. Энди савол туғилади, тўхта, давлат сизларга аксизларни нол қилиб берган бўлса, нимага тарифларни оширяпсиз деган саволни ҳеч ким кўтармаяпти.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ўзининг ҳисоб-китобига кўра, аксизларни бекор қилишнинг ўзидан уяли алоқа компанияларидан олинадиган солиқлар 1,2 триллион сўмга камайган. Яъни биз уяли алоқа компанияларига аксизларни бекор қилиб, уларга 1,2 триллион сўм топширгандик. Бир томондан, ўзини ўзи банд қилганлардан қанақадир суммаларни, “тийинларни” йиғмоқчимиз, бошқа томондан эса триллионларни уяли алоқа компанияларига ўз ихтиёримиз билан топширмоқчи бўляпмиз.

Банклар ҳам 20 фоиз солиқ тўлаши керак. Керак бўлса, ҚҚСга ҳам киритиш керак. Агарда масала аҳолидан имтиёзларни маҳрум қилиш, аҳолини тарифларини ошириш ўртасидаги ссенарийлар ҳақида гап кетадиган бўлса, ёмон ссенарийлар ичида “яхшироқ ёмони” банкларнинг ҳам, уяли алоқа компанияларининг ҳам фойда солиғини 20 фоиз даражасида қолдириш ҳисобланади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.