Исроилнинг Суриядаги ҳаракатлари уруш жиноятига тенглаштирилиши мумкин — БМТ

Исроилнинг Суриядаги ҳаракатлари уруш жиноятига тенг бўлиши мумкин — БМТ
Сурия бўйича БМТ тергов комиссияси 8-сентябр куни Исроилнинг Сурия ҳудудидаги ҳарбий фаоллигидан жиддий хавотир билдирганини маълум қилди. Ташкилот айрим амаллар, жумладан тинч аҳолини ҳибсга олиш уруш жиноятига тенглаштирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига ҳисобот тақдим этган комиссар Фионнуала Ни Аолайн Исроилнинг Сурия жанубидаги ҳарбий операциялари тобора барқарор ва мустаҳкам тус олаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳудудда тинч аҳолига таъсир кўрсатаётган қуруқликдаги рейдлар мунтазам ўтказилмоқда.
Исроилнинг Женевадаги миссияси комиссияни “Исроилни обрўсизлантириш сессияси” ўтказишда айблади ва Исроилнинг Сурияга ҳудудий даъвоси йўқлигини билдирди.
“Исроил ўз фуқароларини таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун Суриянинг 0,1 фоизини ташкил этувчи вақтинча буфер зонани сақлаб турибди”, дейилади миссия баёнотида.
Сурия собиқ президент Башар Асад ҳокимияти ағдарилганидан кейин деярли икки йил ўтиб, қайта тикланишга уринмоқда. Исроил қўшинлари 2024-йил декабр ойида Асад ҳукумати қулаганидан сўнг БМТ назоратидаги буфер зонага кирган эди. Тел Авив бу қадамни вақтинчалик ва сиёсий ўтиш даврида чегарани ҳимоя қилиш учун зарур деб изоҳлайди.
Шундан бери Исроил Сурия ҳарбий инфратузилмасига юзлаб зарбалар берган ҳамда Сурия ичкарисида янги позицияларни эгаллаган. Сурия ҳукумати ва БМТ Исроилнинг бу ҳаракатларини мамлакат суверенитетини бузиш деб атади. Шунингдек, бу ҳаракатлар 1974-йилда тузилган ҳарбий кучларни ажратиш ҳақидаги битимга ҳам зид экани айтилди. Исроил эса ўз ҳаракатларини хавфсизлигини таъминлаш учун зарур деб ҳисоблайди.
Мустақил халқаро тергов комиссияси Исроил Сурия ҳудудида, айниқса жанубий Қунейтра ва Дараа вилоятларида вақтинча назорат-ўтказиш пунктлари ва доимий ҳарбий инфратузилма ўрнатганини ҳужжатлаштирганини билдирди.
“Комиссия Исроилнинг давом этаётган қоидабузарликларидан чуқур хавотирда”, деди Ни Аолайн.
У мамлакат қайта тикланаётган бир пайтда маҳаллий аҳоли Исроил ҳаракатларидан саросимада эканини ҳам қўшимча қилди.
Июн ҳолатига кўра, комиссия Исроил ҳарбийлари томонидан Сурия ҳудудида ушланган ва чегара орқали олиб ўтилган 49 нафар сурияликни, жумладан икки нафар болани аниқлаган.
“Бундай ҳаракатлар уруш жинояти бўлиши мумкин”, деди Ни Аолайн.
Сессия доирасида эълон қилинган баёнотда комиссия айрим маҳбуслар ташқи дунё билан алоқасиз ушлаб турилганини билдирди. Бу эса қийноқлар ва ёмон муносабат хавфини оширади. Комиссия Исроилнинг бу ҳудуддаги мавжудлигини “босқинчилик” деб атади.
Суриянинг БМТдаги вакили комиссия хулосаларини олқишлади. Дамашқ собиқ ҳукумат давридаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни таъминлаш жараёнида БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмлари билан ҳамкорлик қилишини яна бир бор тасдиқлади. Сурия вакили ҳам Исроил ҳарбий операцияларини қоралади ва Исроилни халқаро ҳуқуқ ҳамда 1974-йилги келишувни бузишда айблади.
АҚШ воситачилигида ўтган учрашувда Исроилнинг ҳарбий зарбаларини тўхтатиш ва томонлар ўртасидаги хавфсизлик битимини қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, Тел Авив ва Анқара ўртасидаги кескинликни камайтириш ҳам кўриб чиқилган.

