Исроил фаластинлик маҳбусларни осиш учун дор қурмоқда

Исроил фаластинлик маҳбусларни қатл этиш учун дор қурмоқда.
Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир террорчиликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинадиган фаластинликлар қаерда қатл этилишини кўрсатди. Бу ҳақда Тҳе Гуардиан ва Телеграпҳ нашрлари хабар берди.
Бен-Гвир ўлим жазоси ижро этиладиган мажмуани кўздан кечирди. Ташриф акс этган видеода обьект қаерда жойлашгани очиқланмаган. Бироқ ҳудудда қурилиш ишлари кетаётгани кўринади. Бен-Гвир қурилаётган пойдеворни кўрсатиб, бу ерда “террорчилар қатл этилишини” айтди.
Исроил матбуотига кўра, мажмуа қамоқхона яқинидаги ўраб олинган ҳудудда қурилмоқда. Вазир маҳбуслар дорга осилишини кузатиш учун уларнинг оиласига жой ажратилишини таъкидлади.
“Мен террорчиларни қамоқхоналарда сақлаш шароитларини кучайтиришга ваъда бергандим, биз буни амалга оширдик. Мен террорчилар учун ўлим жазоси тўғрисидаги қонунни қабул қилишга ваъда бергандим ва биз буни амалга оширдик. Энди эса ўлимга маҳкум этиладиганлар камераси ҳам, дорга осиш иншооти ҳам қурила бошланди”, деди Бен-Гвир.
Қурилиш Исроил парламенти томонидан терроризм учун ўлим жазоси тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан кейин бошланди. Қонун “Исроил давлатининг мавжудлигини инкор этиш мақсади” билан содир этилган жиноятларга нисбатан қўлланилади. Шу тариқа у фақат фаластинликларга нисбатан жорий этилади. Аммо шунга ўхшаш жиноятларда айбланган исроилликларга эса қўлланмайди.
Бен-Гвир ўлим жазосини жорий этишнинг асосий тарафдорларидан бири бўлган. Май ойида рафиқаси унинг 50 ёшлик юбилейига дор сиртмоғи тасвирланган торт совға қилганди. Вазирнинг ўзи илгари Исроилда ирқчиликни тарғиб қилиш, полиция фаолиятига йўл қўймаслик ва ман этилган “Ках” террорчи ташкилотини қўллаб-қувватлагани учун судланган.
Сўнгги ойларда Бен-Гвирга қарши Франсия ва Ирландия санксиялар жорий этди, ундан олдинроқ эса Буюк Британия чекловлар киритганди. Бир неча кун аввал Исроил вазири Ғазода “ҳар тунда 30–40 нафар одамни йўқ қилиш”га чақирганди.
“У ерда яшашга лойиқ бўлмаган одамлар бор. Улар ҳатто одам ҳам эмас”, дея Бен-Гвир ўз чақириғини изоҳлаганди.
Германия ва Франсия унинг мазкур баёнотларини қоралаган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса Исроил вазирининг чақириқларини “даҳшатли”, “ғазаблантирувчи”, “инсонийликдан мосуво” ва “хавфли” деб атаган.

