Исроил 5 ёшли Ҳинд Ражабни ўз ҳарбийлари ўлдирганини тан олди. Жиноий тергов бошланди
Исроил 5 ёшли фаластинлик қизалоқ Ҳинд Ражаб ва унинг оила аъзолари кетаётган автомобилга ўз ҳарбийлари ўқ узганини тан олди. Шунингдек, ҳарбий полиция 14 нафар фаластинлик шифокор ва қутқарувчилар отиб ташланиши билан боғлиқ ишни ҳам ўрганмоқда. Аммо, ҳуқуқ ҳимоячилари бундай текширувлар камдан-кам ҳолларда айблов ҳукми билан якунланишини айтмоқда.

Исроил 5 ёшли Ҳинд Ражабнинг ўлимида ўз ҳарбийларининг иштирокини тан олди ва жиноий тергов бошлади.
19-август куни Исроил ҳарбийлари Ғазо урушида фаластинликларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ иккита муҳим иш, жумладан, 5 ёшли Ҳинд Ражаб ва ўндан ортиқ тиббиёт ходимларининг ўлими бўйича жиноий тергов бошлашини эълон қилди. Нев Ёрк Тимес хабарига кўра, бу қарор ҳарбий фактларни ўрганиш миссияси томонидан узоқ муддатли кўриб чиқишдан сўнг қабул қилинган.
Жиноий терговга тортилган ишлардан бири 2024-йил январ ойида Ғазо шаҳрида автомобил ичида ўлдирилган Ҳинд Ражаб ва унинг олти нафар оила аъзосининг ўлимига тааллуқли. Иккинчи иш эса 2025-йил март ойида Ғазо жанубида 14 нафар фаластинлик шифокор ва қутқарувчиларнинг отиб ташланиши билан боғлиқ. Исроил ҳарбийлари уларни ўлдирганидан сўнг, у ердан машинада ўтиб кетаётган БМТ ходимининг ўлимига олиб келган отишма уюштирганди.
"Ворлд Сентрал Китчен" ҳарбийларнинг ҳисоботини ва ишни ёпиш ҳақидаги қарорини рад этди. Гуруҳнинг ижтимоий тармоқлардаги баёнотида шундай дейилади: "Ҳужумлар учун ҳеч қачон ҳеч қандай баҳона ёки оқлаш бўлмаган ва ушбу ҳисоботда ҳам буни оқлайдиган ҳеч нарса йўқ. Қарор тўлиқ ҳақиқатга мос келмайди ва ўта ҳақоратлидир".
Шунингдек, Исроил ҳарбийлари яна 2 ҳолатдаги ҳужумлар бўйича иш очишни рад этди. Нашрнинг ёзишича, Исроил ҳарбийларининг уруш давридаги хатти-ҳаракатларни ўрганувчи фактларни излаш миссияси 150 га яқин ҳодисани кўриб чиқишни якунлаган. Текширувчи орган ўзини ҳарбийларнинг доимий буйруқбозлик занжиридан ташқарида фаолият юритувчи мутахассислардан иборат эканини қўшимча қилган.
**Ҳинд Ражабнинг ўлдирилиши**
5 ёшли қизалоқ Ҳинд Ражабнинг ўлдирилиши Исроилнинг Ғазодаги уруши давомида минглаб болалар ўлими билан боғлиқ энг шов-шувли воқеа бўлганди. Ҳинд 2024-йил 29-январ куни дастлабки отишмадан омон қолган ва ҳалок бўлган қариндошлари билан машина ичида қамалиб қолганди. У фаластинлик тиббиёт ходимларидан мобил телефон орқали ёрдам юборишларини ёлвориб сўраган. Ғазода унга тез ёрдам машинаси жўнатилган.
Ўшанда улар воқеа жойига етиб келганидан кўп ўтмай, диспетчерлар қиз билан ҳам, қутқарувчилар билан ҳам алоқани йўқотишди. Ўн икки кундан кейин ҳудуддан қизнинг, унинг қариндошлари ва икки нафар тез ёрдам ходимининг жасадлари топилди. Ҳарбийлар аввалроқ қиз ўлдирилган жой яқинида ўз қўшинлари бўлганини инкор этган. Чоршанба куни Исроил ҳарбийлари бир неча ой давом этган текширувдан сўнг, қўшинлар автомобил уларга яқинлашиб келаётганида унга қараб ўқ узгани тан олди.
Ҳарбий жиноятда айбланаётган исроилликларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўришга интилаётган, Брюсселдаги "Ҳинд Ражаб" фонди Исроил ҳарбийларининг жиноий тергов очиш ҳақидаги қарорига "ишончи йўқлигини" айтди. Фонд баёнотида шундай дейилади: "Ушбу маълум қилинган терговлар, ҳатто улар рўй берса ҳам, адолат сари ташланган чинакам қадам деб адаштирилмаслиги керак". Шунингдек, улар Исроилнинг ўз аскарлари хатти-ҳаракатларини текшириши "тубдан хато" эканини таъкидлаган.
Қизнинг бувиси Ғазодаги кўчирилганлар қароргоҳида Реутерс'га берган интервюсида ўзи ва қизнинг оиласи "Исроил давлати суд тизимига ишонмаслигини" айтди. "Адолат бутун дунёдан келади деб умид қиламиз. Биз халқаро одил судлов тизимига тўлалигича мурожаат қиламиз", деди қизга ўз исмини берган бувиси Ҳинд Ражаб.
**"Камдан-кам ҳолларда айблов билан якунланадиган тергов"**
НЙТнинг ёзишича, бундай ҳарбий полиция терговлари кўпинча секин кечади ва камдан-кам ҳолларда айбдорларни жазолаш билан якун топади. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи гуруҳлар илгари ҳарбийларнинг урушлардаги ўз ҳаракатлари юзасидан ўтказган ички терговларини танқид қилиб, бу жараённи айбларни хаспўшлаш деб баҳолаган эди.
"Еш Дин" ҳуқуқ ташкилоти тадқиқотчиси Ден Оуеннинг таъкидлашича, сўнгги ўн йил ичида текширувларнинг жуда "кичик" қисмигина айблов хулосаларига олиб келган. Ўсиб бораётган сиёсий босим эса "Исроил ҳуқуқ-тартибот органларини ҳатто аниқ далиллар мавжуд бўлган тақдирда ҳам, айбдорларни жавобгарликка тортишдан янада қайтармоқда".
Исроил 2023-йил 7-октябрда Ҳамас бощилигидаги ҳужумдан сўнг ушбу урушни бошлаган. Исроил расмийларининг маълум қилишича, 7-октябрдаги ҳужумда тахминан 1200 киши ҳалок бўлган, яна 250 га яқин киши гаровга олинганди. Ғазода 2025-йил октябр ойида Ҳамас ва Исроил ўртасида АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганди. Аммо орадан қарийб бир йил ўтиб ҳам, Исроил ўзи "аниқ мақсадли қотилликлар" деб атайдиган амалиётларини давом эттирмоқда. Хусусан, сулҳдан кейин Исроил ўқларидан Ғазода мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.

