Исроиллик вазир Ғазо аҳолисини ватанидан мажбуран чиқариб юбориш режасини тақдим этди

**Исроиллик вазир Ғазо аҳолисини ватанидан мажбуран чиқариб юбориш режасини тақдим этди**
Исроилнинг миллий хавфсизлик вазири, ўта ўнгчи сиёсатчи Итамар Бен-Гвир Ғазо секторидаги барча фаластинликларни мажбуран чиқариб юбориб, хорижга жўнатиш режасини ошкор қилди.
Исроилда парламент сайловлари олдидан сўзлаган Бен-Гвир ушбу режанинг мақсадини баён этди. Унинг айтишича, биринчи йил ичида Ғазодан 250 минг фаластинлик чиқариб юборилади. Қолган қарийб 2 миллион аҳоли эса кейинги олти йил давомида кўчирилади.
“Бу реал режа”, деди Бен-Гвир.
У қайси давлатлар эканини айтмаган ҳолда, Ғазодаги фаластинликларни қабул қилишга тайёр мамлакатлар борлигини даъво қилди.
Босиб олинган ҳудудларда тинч аҳолини мажбуран кўчириш Женева конвенсияларига кўра уруш жинояти ҳисобланади.
“Шунга қарамай, исроиллик сиёсатчилар Ғазо бўйича ўзларининг шафқациз қарашларини илгари суришда бир-бири билан мусобақалашмоқда”, дейилади хабарда.
Улар АҚШ президенти Доналд Трампнинг доимий Исроил ҳужумлари сабабли барбод бўлаётган оташкесим келишувини илгари суриш уринишларини рад этмоқда.
Бен-Гвир ўта ўнгчи “Яҳудий кучи” партияси бўлажак ҳукуматни шакллантириш жараёнида эмиграция бўйича вазирлик ташкил этишни талаб қилишини айтди. У бу режа бир ярим йиллик меҳнат маҳсули ва аниқ таклиф эканини ҳам қўшимча қилди.
Бу таклиф 20 саҳифали ҳужжатда келтирилган. Ҳужжат “Ғазо секторидан кўнгилли равишда кўчиб кетиш бўйича миллий иш режаси” деб номланган.
Ҳужжатда “кўнгилли” сўзи ишлатилган бўлса-да, халқаро ҳамжамият бу режани мажбурий деб ҳисоблайди. Чунки Исроил Ғазо аҳолиси учун жуда оғир шароитларни юзага келтирган ва Бен-Гвирнинг аниқ мақсади фаластинликларни ҳудуддан тўлиқ чиқариб юборишдан иборат.
2026-йил бошида БМТнинг мустақил суриштирув комиссияси Исроил Ғазодаги фаластинлик болаларни қасддан нишонга олиб, геноцид содир этишда давом этаётганини аниқлаган эди.
Бен-Гвирнинг бу баёноти Исроил мудофаа вазири Исроил Кацнинг чиқишидан кейин янгради. Кац Исроил фаластинликларни Ғазодан кўчириш учун Трамп маъмуриятидан рухсат сўраётганини айтган эди. Унинг таъкидлашича, бу масала Трамп томонидан музлатиб қўйилганидан кейин ҳамон муҳокама қилинмоқда.
Кац Едиотҳ Аҳронотҳ газетаси анжуманида Исроил кўчиб кетишга ҳар қандай восита билан кўмаклашишини айтди. Бу эса мажбурлаш сиёсатини англатади.
Трампнинг ўзи ҳам иккинчи президентлик муддатининг бошида барча 2 миллион фаластинлик Ғазодан чиқиб кетиши ва АҚШ бу ҳудудни қайта қуриши кераклигини таклиф қилиб, халқаро норозиликка сабаб бўлган эди. Кейинчалик у бу таклифидан қайтган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху эса 2-сентябр куни Ғазодаги ҳарбий истеҳкомга ташриф буюрди. У Исроил ўзи эгаллаб олган Ғазо ҳудудларидан чиқиб кетмаслигини айтди.
“Биз ортга чекинмаймиз. Бу чизиқда қоламиз. Секторнинг 60 фоизини назорат қиляпмиз. Ҳали бу давом этади, чунки биз ўзимизга таҳдид солаётган террорчиларни ҳар куни йўқ қиляпмиз”, деди Нетаняху.
Ғазо аҳолисини ҳайдаб чиқаришни талаб қилиш билан бирга, Бен-Гвир Исроилга содиқ бўлмаган икки депутат ва бошқа шахсларни, шу жумладан яҳудийларни ҳам мамлакатдан депортация қилишга чақирди. У кейинги ҳукуматга кирса, шундай сиёсатни илгари суришини айтди.
Аввалроқ Бен-Гвир Исроилда фаластинлик маҳбусларни осиш учун дор қурилаётгани ҳақида маълум қилганди. У қатлни кузатиш учун маҳбуслар оиласига жой ажратилишини айтган. Исроил террорчиликда айбланган фаластинликлар учун ўлим жазосини қўллайди.

