Дунё

Исроил вазири Ғазода ҳар тунда 30-40 кишини ўлдиришга чақирди

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазода ҳар кеча 30-40 кишини ўлдиришга чақирди, дея хабар берди Финансиал Тимес.

Бен-Гвир бу фикрларни 2023-йил 7-октябрда ҲАМАС томонидан гаровга олинган ва кейинчалик озод этилган Ром Браславски олиб борадиган подкастда билдирди. У Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг Ғазодаги ҳарбий операцияларни яқинда қисқартирганига қарши чиқди.

"Менимча, биз ҳар кеча 30 дан 40 гача мақсадли суиқасдларни амалга оширишимиз керак. Фақат бевосита хавф туғдирадиганларни эмас. У ерда яшашга нолойиқ одамлар бор... Улар одам ҳам эмас", деди Бен-Гвир.

У Фаластин ҳудудида яҳудий аҳоли пунктларини қайта тиклашга чақириб, "бутун Ғазо" Исроилга тегишли бўлишини назарда тутаётганини айтди. Шунингдек, фаластинликларни "кўчириш" фикрларини такрорлади.

"Мен нафақат Гуш-Катифда, балки бутун Ғазо бўйлаб аҳоли пунктлари қуриллишини ва эмиграция рағбатлантирилишини тасаввур қиляпман, қанча кўп бўлса, шунча яхши. Террорчилар учун эса ҳеч қандай эмиграция бўлмаслиги керак. Биз уларни шунчаки бирма-бир ўлдиришимиз зарур", деди у.

Исроил расмийларига кўра, ҲАМАСнинг 7-октябрдаги ҳужумида 1 200 киши ҳалок бўлган ва 250 дан ортиқ одам гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилган. Исроилнинг жавоб ҳужумларида эса Ғазода 73 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, анклавда гуманитар фалокат юзага келган. 2025-йил октабрида ўт очишни тўхтатиш кучга кирганидан бери эса 1 200 киши жон берди.

Маълумот ўрнида, Исроилда 2023-йил 7-октябрдаги ҳужумларда иштирок этганларни суд қилиш учун ҳарбий трибунал ташкил этилади. Март ойида Кнессет агар ҳужум "Исроил давлатининг мавжудлигини инкор этиш" мақсадида содир этилса, террорчилар учун ўлим жазосини қўллашга рухсат берувчи қонунни қабул қилганди. Қонун танқидчиларига кўра, бу амалда ўлим жазоси фақат фаластинликларга нисбатан қўлланишини англатади. Расман ўлим жазоси Исроил тарихида фақат икки марта қўлланган: 1948-йилда капитан Меир Тувианскийга нисбатан (кейинчалик оқланган) ва 1962-йилда нацист Адолф Эйхманга нисбатан.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.