Исроил Ҳизбуллоҳнинг йирик ер ости базасини йўқ қилганини маълум қилди
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, кучли портлаш 4,1 магнитудали зилзилага тенг бўлган.

Исроил Ҳизбуллоҳнинг йирик ер ости базасини вайрон қилганини маълум қилди
Исроил ҳарбийлари бир милдан узунроқ бўлган туннелларни портлатиб юборганини билдирди
Исроил ҳарбийлари Ливан жанубида Ҳизбуллоҳ томонидан бошқариладиган йирик ер ости мажмуасини вайрон қилганини айтмоқда.
Хабар қилинишича, Али Таҳер тизмаси остида 2 км дан (1,2 мил) кўпроқ масофага чўзилган иккита туннелни вайрон қилиш учун 1000 тоннадан ортиқ портловчи модда ишлатилган.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, портлаш 4,1 магнитудали зилзилага тенг сейсмик фаолликни келтириб чиқарган.
Ҳизбуллоҳ ёки Ливан ҳукумати томонидан ҳозирча ҳеч қандай расмий муносабат билдирилмади.
Исроил кучлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи гуруҳ билан бир неча ой давом этган жанглардан сўнг ўтган ҳафта тизма устидан назоратни қўлга киритган эди. Исроил ҳарбийлари март ойида Ҳизбуллоҳ билан можаро қайта бошланганидан кейин эгаллаб олинган Ливан жанубининг катта қисмини назорат қилмоқда.
Исроил Мудофаа Кучлари (ИМК) томонидан эълон қилинган тасвирларда осмонни ёритиб юборган оловли шар акс этган.
«Осмон ёришиб кетди ва тахминан 15 сониядан кейин биз даҳшатли товушни эшитдик», — деди тизмадан тахминан 6 км ғарбда жойлашган Набатия шаҳри турғуни Аҳмед BBC билан суҳбатда.
«Уй худди ҳақиқий зилзила пайтидагидек бутунлай силкиниб кетди».
Унинг сўзларига кўра, одамлар бақирар, болалар йиғлар эди, аҳоли Байрут томон йўл олгани сабабли йўллар машиналар билан тўлиб кетган.
Ер силкинишлари 40 км шимолда жойлашган соҳилбўйидаги Сайда шаҳрида ҳам сезилган.
ИМКнинг билдиришича, ер ости объектида Ҳизбуллоҳнинг «Бадр» бўлинмаси томонидан фойдаланиладиган қўмондонлик маркази бўлган ва у ерда ўнлаб ракеталар, бошқариладиган ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, танкка қарши қуроллар, миналар ва портловчи моддалар сақланган.
«Бу Эрон террорчи режими томонидан молиялаштирилган ва режалаштирилган, йигирма йил давомида қурилган стратегик инфратузилма эди», — дейилади ИМКнинг Telegram-каналидаги баёнотида.
«Инфратузилма ичида бўлган барча террорчилар йўқ қилинди ёки қочиб кетди».
ИМКнинг таъкидлашича, мажмуанинг вайрон қилиниши саккизта туннелни йўқ қилиш ва ҳудудда «хавфсизлик зонаси» яратиш вазифасини якунлади.
Ушбу сўнгги операция Ливан жанубида жанглар қайта жонланган, Исроил кучлари Ҳизбуллоҳ позицияларига қарши операцияларни кенгайтирган ва Исроил чегара яқинида «хавфсизлик зонаси» деб атайдиган ҳудудни назорат қилишда давом этаётган бир пайтда амалга оширилди.
Ливан ОАВлари пайшанба куни жанубнинг бошқа ҳудудларида, жумладан, Набатия ал-Фавқа ва Сур туманидаги Мансури ҳудудларида Исроилнинг янги зарбалари берилгани ҳақида хабар берди.
Ливан армияси барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳолини тинчлантириш мақсадида Исроил назоратидан ташқаридаги ҳудудларда, жумладан, жанубдаги Набатия шаҳрида ўз кучларини жойлаштиришни кучайтирди, деб хабар берди маҳаллий MTV телеканали.
Ливан 2 март куни, Ҳизбуллоҳ Эрон олий раҳбарининг ўлимига сабаб бўлган зарбага жавобан Исроилга ракеталар отганидан сўнг, Исроил, АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушга тортилган эди.
Исроил бунга Ливан бўйлаб бомбардимонлар кампанияси ва мамлакат жанубининг сезиларли қисмига бостириб кириш билан жавоб қайтарди. Унинг кучлари ҳамон Ливан ҳудудининг тахминан 5 фоизини эгаллаб турибди.
Июнь ойида Эрон ва АҚШ ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув, шунингдек, Ливан ва Исроил ўртасидаги алоҳида битимдан кейин жанглар сусайди.
Ливан-Исроил келишуви доирасида Ҳизбуллоҳ қуролсизланиши, Исроил кучлари Ливан жанубидан босқичма-босқич чиқиб кетиши ва Ливан армияси бутун ҳудуд бўйлаб жойлаштирилиши кутилмоқда.
Ҳизбуллоҳ ушбу келишувнинг бевосита иштирокчиси бўлмаган ва тўғридан-тўғри музокараларни рад этган.
Жанглар камайганига қарамай, Исроилнинг Ливан жанубидаги зарбалари ва вайронагарчиликлари давом этмоқда.
Можаро давомида Ливанда камида 4362 киши ҳалок бўлди, жумладан 395 аёл ва 259 бола, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Вазирлик маълумотларида жангарилар ва тинч аҳоли вакиллари алоҳида ажратилмаган.
Исроил расмийларига кўра, 40 нафар исроиллик аскар ва тўрт нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

