Ироқ ҳукумати: мамлакатдаги барча АҚШ ҳарбийлари олиб чиқилди
Ироқ ҳукумати АҚШнинг барча жанговар бўлинмалари ва логистика таъминоти кучлари мамлакатдан чиқиб кетганини маълум қилди. Вашингтон хабар эълон қилинган пайтга қадар бу маълумотни расман тасдиқламаган.

Ироқ ҳукумати: мамлакатдаги барча АҚШ ҳарбийлари олиб чиқилди
ДВ нашри дпа агентлигига таяниб ёзишича, Ироқ ҳукумати вакили бу ҳақда 28-сентабрга ўтар кечаси маълум қилган.
«Барча жанговар бўлинмалар ва логистика таъминотини амалга оширган кучлар мамлакатни тарк этди», - деган ҳукумат вакили.
АҚШ ва Ироқ Америка қўшинларини олиб чиқиш бўйича 2024-йилда келишувга эришган эди. Вашингтон маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Ироқда қарийб 2 500 нафар АҚШ ҳарбийси жойлаштирилган.
Американинг охирги бўлинмалари Курдистон минтақасидаги Эрбил шаҳрида, Бағдод аеропорти яқинидаги ҳарбий базада ҳамда пойтахтнинг ҳукумат идоралари жойлашган «яшил ҳудуд»ида бўлган.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари 2014-йилдан бери Ироқ ва Сурияда ИШИД террорчилик ташкилотига қарши кураш олиб борган.
Ташкилот икки мамлакатда илгари назорат қилган катта ҳудудларини йўқотган бўлса-да, унинг айрим яширин гуруҳлари сақланиб қолган ва ҳануз террорчилик ҳужумларини амалга оширмоқда.
дпа қайд этишича, Эрондаги уруш фонида Ироқдаги хавфсизлик вазияти ҳам ёмонлашган. Можаро давомида мамлакатдаги АҚШ обьектлари ва курд кучларига тегишли обьектларга ҳужумлар уюштирилган.
Агентлик маълумотига кўра, АҚШ қўшинларини олиб чиқиш муддати тугайдиган 28-сентабр куни Ироқда «Мустақиллик куни» сифатида байрам тадбирлари ўтказилиши кутилмоқда. Шу куни барча давлат муассасалари ёпиқ бўлиши айтилган.
Аввалги режага кўра, Америка қўшинлари чиқиб кетиши билан бир вақтда Эронга алоқадор қуролли гуруҳлар қуролсизлантирилиши, уларнинг аъзолари эса давлат куч тузилмалари таркибига киритилиши керак эди.
Бироқ Ироқ бош вазири Али аз-Зайдий бу чора 2027-йил июнигача кечиктирилишини эълон қилган.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари 2003-йилда Саддам Ҳусайн ҳокимиятини ағдариш мақсадида Ироққа бостириб кирган эди. Кейинчалик мамлакатдаги халқаро ҳарбий иштирокнинг асосий йўналишларидан бири ИШИДга қарши кураш бўлди.

