Туркия Ироқ шимолидаги ҳарбий базани Бағдодга қайтаришга рози бўлди

Туркия Ироқ шимолидаги ҳарбий базани Бағдодга қайтаришга рози бўлди
Туркия ва Ироқ 23-сентябр куни Ню Ёркда музокаралар ўтказди. Унда Ироқ шимолидаги ҳарбий лагер босқичма-босқич Бағдод ҳукуматига қайтарилишига келишиб олинди. Шунингдек, томонлар ҳудуддаги ноқонуний қуролли гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш бўйича ҳам битим тузди.
Ироқ бош вазири Али ал-Заидий ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўгон БМТ Бош Ассамблеяси доирасида учрашув ўтказди. Учрашувдан сўнг эълон қилинган қўшма баёнотда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олингани таъкидланди.
“Ушбу келишув доирасида томонлар Синжар ҳудудида давлат ҳокимиятини тўлиқ ўрнатиш ва у ердаги ноқонуний хорижий қуролли гуруҳларга барҳам бериш бўйича бир қарорга келди”, дейилади баёнотда.
Бу ўринда гап Ироқ шимолидаги тоғли Синжар ҳудудида жойлашган курд жангарилари ҳақида бормоқда. Ҳозирда Туркия “Курдистон ищилар партияси”ни (ПКК) қуролсизлантириш ва кўп йиллик низоларга чек қўйишга қаратилган тинчлик жараёнини давом эттирмоқда.
**Башиқа-Зеликан базаси ва қўшинларни олиб чиқиш**
Қўшма баёнотда айтилишича, Ироқ томонидан кўрилган хавфсизлик чораларига мувофиқ Туркия ҳарбийлари Мосул яқинидаги Башиқа-Зеликан базасини босқичма-босқич Ироқ ҳукуматига топширади.
Музокаралардан хабардор Ироқ ҳарбий қўмондонининг маълум қилишича, турк қўшинларини Башиқа базасидан ҳамда Мосул яқинидаги бошқа кичик базадан олиб чиқиш жараёни 2026-йилнинг охиригача якунланиши кутилмоқда. Туркия томони бу муддат бўйича расмий изоҳ бермади.
Анқара 2015-йилда Мосул яқинида ўз ҳарбийларини жойлаштирган. Ўшанда Туркия бу кучлар 2014-йилда Мосулни эгаллаб олган ИШИДга қарши курашиш учун маҳаллий кучларни тайёрлаш ҳамда уларни ҳимоя қилиш мақсадида юборилганини билдирган.
Бироқ бу ҳолат Бағдод ва Анқара ўртасида келишмовчилик келтириб чиқарган. Ироқ турк қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилган бўлса, Туркия улар аксилтеррорчилик миссиясини қўллаб-қувватлаётганини таъкидлаган. Ҳозирда ҳам Туркиянинг бу минтақада ўз миллий хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган бир нечта базалари мавжуд.
Баёнотда келтирилишича, икки давлат раҳбарлари ўзаро алоқалар ва савдо масалаларини ҳам муҳокама қилиб, илгари имзоланган келишувларни тезроқ амалга ошириш ҳамда стратгегик лойиҳаларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

