Дунё

АҚШ қўшинлари 30-сентябргача Ироқдан тўлиқ чиқиб кетади

АҚШ бощилигидаги халқаро коалиция 30-сентябрга қадар Ироқ ҳудудидан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетади. Бу ҳақда Ироқ бош вазири Али ал-Зайдийга таяниб Ал Жазеера хабар берди.

Зайдийнинг таъкидлашича, белгиланган муддат “қатъий ва якуний” ҳисобланади. Унинг бу баёноти АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Бред Купер билан учрашувдан сўнг янгради. АҚШ бощилигидаги кучлар 2003-йилда Ироққа бостириб кирган ва мамлакатнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн ҳукуматини ағдарган эди. 2011-йил декабрида сўнгги жанговар қўшинлар Ироқдан олиб чиқиб кетилган.

Бироқ, 2014-йилда ИШИДнинг кучайиши ва Ироқ ҳамда Суриянинг катта ҳудудларини эгаллаб олиши Ироқ ҳукуматининг илтимосига биноан АҚШ кучларининг қайтишига сабаб бўлган. ИШИД ўзи даъво қилган ҳудудлар устидан назоратни йўқотгач, 2021-йилда коалициянинг ҳарбий операциялари якунланган эди.

Ироқ бош вазири идораси баёнотида айтилишича, 1-октябр Ироқ давлатчилиги йўлида янги кун бўлади, чунки Ироқ ҳар қандай хорижий ҳарбий иштирокдан холи бўлади.

Ушбу муддат ал-Зайдийнинг июл ойи ўрталарида Вашингтонга қилган ташрифи чоғида белгиланган. Учрашувда томонлар суверенитетни ўзаро ҳурмат қилишини, иқтисодий ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка ўтишини таъкидлаган.

АҚШ расмийси 30-сентябргача қўшинларни олиб кетиш кутилаётганини айтди. Бироқ у Ироқда қанча қўшин қолиши ва улар қаерга жойлаштирилиши ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

АҚШ қўшинлари 2024-йил Ироқнинг аксарият ҳудудларидаги базаларни тарк этган, бироқ ярим мухтор шимолий Курдистон минтақасида ўз иштирокини сақлаб қолган. АҚШ ва Исроил 28-феврал куни Эронга қарши уруш бошлаганидан бери у ердаги ҳарбий базалар мунтазам равишда ҳужумга учраб келмоқда.

Ҳозирда АҚШ Ироқда 2500 нафарга яқин аскарга эга. АҚШ ҳарбий қисмлари асосан учта ҳарбий базада мустаҳкам ўрнашган: уларнинг бири Бағдодда, иккинчиси ғарбий Анбар вилоятида ва яна бири шимолий Курдистон минтақасида жойлашган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.