Илҳом Алиев Тошкентда тантанали кутиб олинди
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда

Илҳом Алиев Тошкентда тантанали равишда кутиб олинди.
Кўксарой қароргоҳида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабати билан тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Икки давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбайжон Президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар. Биргаликда суратга тушилгандан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказдилар. Музокараларда Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Республикаси Президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади. Шавкат Мирзиёев: "Саммит якунида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бунинг тасдиғи бўлади. Энг муҳими, стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг ҳар бир банди аниқ натижалар ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади", – деди.
Етакчилар икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини қайд этдилар. Парламентлар, ҳукуматлар ва тармоқлар ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилган. Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди.
Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортди. Энергетика, кимё, кончилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган дастур қабул қилинаётгани мазкур муҳим маррага эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
Йиғилиш доирасида янги кооперация лойиҳаларини бажаришга старт берилади. Бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция компанияси маблағларини фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Етакчилар маданият, таълим, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Бугун Низомий Ганжавий номидаги Миллий педагогика университетининг янги биноси очилади ҳамда Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишлари бошланади. Икки халқни янада яқинлаштириш мақсадида “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ўртасидаги адабий кўприк” мавзусида қўшма кинофильм яратиш таклиф этилди. Жорий йилнинг кузида Озарбайжонда етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтади.
2027 йилда мамлакатларимизда муҳим спорт воқеаси – футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу борада қўшма спорт, маданият ва ёшларга оид тадбирларни ўтказишни назарда тутувчи кенг кўламли “Икки мамлакат – бир чемпионат” дастури ишлаб чиқилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Йиғилишда Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг ахборотлари тингланди. Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга қаратилган “йўл харитаси”ни қабул қилишга қарор қилинди. Якунда банк-молия, қурилиш материаллари, таълим, нефть-газ, туризм, уй-жой қурилиши, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилди.

