Икки аёл Ўзбекистондан 240 минг долларни олиб чиқиб кетишга уринди
Тошкент вилоятидаги «Навоий» божхона постида 240 минг долларни олиб чиқиб кетишга уринган қўшни давлатнинг икки нафар фуқароси қўлга олинди.

Қўшни давлатнинг икки нафар фуқароси нақд пулларни кийимлари остига яшириб, скотч билан болдирларига ёпиштирган ҳолда Ўзбекистондан 240 минг доллар олиб чиқиб кетишга уринди.
Аёллар Тошкент вилоятидаги «Навоий» чегара божхона постида қўлга олинди, деб хабар берди Божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Божхона кўриги давомида қўлга олинганларнинг биридан 80 минг доллар, иккинчисидан эса 160 минг доллар топилган. Купюралар скотч билан болдир соҳасига ўралиб, кийим остига яширилган бўлган.
Яширилган нақд пулларни божхоначилар йўловчиларни текшириш вақтида аниқлашган. Қўмита томонидан эълон қилинган видеокадрларда аёлларнинг оёқларидан брикетларга қадоқланган пул купюралари боғламлари ечиб олинаётгани акс этган.
Аниқланган нақд хорижий валютанинг умумий миқдори 240 минг долларни ташкил этди.

