Тошкент вилоятида болалардан фойдаланиб олтин ва 40 минг долларни ноқонуний олиб чиқишга уриниш фош этилди

Тошкент вилоятида болалардан фойдаланиб, олтин ва 40 минг АҚШ долларини ноқонуний олиб чиқишга уриниш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.
“Навоий” чегара-божхона постида содир бўлган биринчи воқеада, Ўзбекистондан чиқиб кетаётган аёл ўзининг гўдак фарзандининг таглигига яширилган, оғирлиги қарийб 200 грамм бўлган 2 дона олтин қуймани олиб ўтишга ҳаракат қилган.
Шунингдек, унинг ёнидан божхона назоратига тақдим этилмаган, 70 грамм оғирликдаги заргарлик буюмлари ҳам топилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, олиб чиқилишининг олди олинган ушбу буюмларнинг умумий қиймати 450 миллион сўмни ташкил этган.
Иккинчи ҳолатда эса, қўшни давлат фуқароси 14 ёшли қизининг кийими остига 40 минг АҚШ долларини яшириб, божхона чегарасидан олиб чиқишга уринган вақтида тўхтатиб қолинган.
Божхона қўмитаси вояга етмаган шахсни қонунбузарликка жалб қилиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат эканлигини эслатди. Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан божхона суриштируви олиб борилмоқда.
Аввалроқ “Тошкент-Аеро” ихтисослаштирилган божхона комплексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Хитойдан олиб келинган 21 тоннадан ортиқ “Эфба” номли осма дори воситасида жиддий қонунбузарлик аниқланганди.

