Маҳаллий

Ўзбекистонга 21 тонна қалбаки дориларни олиб киришга уриниш фош этилди

Мазкур дори воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 7,3 млрд. сўмдан ошади.

Ўзбекистонга 21 тонна сохта дори воситаларини олиб киришга бўлган уриниш фош этилди.

"Тошкент-Аеро" ихтисослаштирилган божхона комплексининг "Авиаюклар" ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Хитойдан келтирилган, оғирлиги 21 тоннадан зиёд бўлган "Эфба" осма дори воситасини божхона кўригидан ўтказиш жараёнида жиддий қонунбузарлик аниқланди.

Божхона юк декларациясида ушбу дори воситаси Ҳиндистонда ишлаб чиқарилгани кўрсатилган эди. Бироқ, кўрик давомида унинг қадоқлари ва ёрлиқларида ишлаб чиқарувчи давлат ва корхона номи умуман акс эттирилмаганлиги маълум бўлди.

Мазкур дори воситасини Ўзбекистонга импорт қилиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг мувофиқлик сертификати талаб этилади.

Юк эгалари сертификат олишда намуна сифатида "Эфба" дори воситасининг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган асл нусхасини тақдим этишган ва контрафакт дори воситасини шу сертификат билан олиб киришни режалаштиришган.

"Эфба" инфузион эритмаси таркибидаги асосий модда левофлоксацин бўлиб, у кучли фторхинолон гуруҳига мансуб антибиотик ҳисобланади. Унинг қалбакилаштирилиши жуда хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Вақтинча сақловга олинган мазкур дори воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 7,3 миллиард сўмдан ошади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.