Ўзбекистондан 240 минг долларни оёқларига скотчлаб олиб чиқиб кетишга уринган шахслар ушланди

Ўзбекистондан оёқларига скотч ўраб 240 минг доллар олиб чиқишга уринганлар қўлга олинди
Тошкент вилоятидаги “Навоий” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатга катта миқдордаги валютани ноқонуний олиб ўтишга уринган шахслар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, божхона ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда қўшни давлатга пиёда чиқиб кетаётган икки нафар фуқаронинг ҳаракатлари шубҳа уйғотган. Шундан сўнг улар холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилган.
Натижада ушбу шахсларнинг оёқларига скотч билан ўраб яширилган, божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган жами 240 минг доллар миқдоридаги нақд хорижий валюта аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида болалардан фойдаланиб олтин ва 40 минг долларни ноқонуний олиб чиқишга уриниш фош этилганди. Шунингдек, мамлакатда нақд валютани декларациясиз олиб чиқиш миқдори 10 минг доллар этиб белгиланиши хабар қилинганди.

