Дунё

«Ғазо – инсоният виждонидаги шармандалик доғи». БМТ минбаридан Исроилга танқидлар ёғилди

Ўнлаб етакчилар чиқиш қилган биринчи кун нутқларида Ғазо ва босиб олинган Ғарбий Соҳил энг кўп тилга олинган мавзулардан бири бўлди.

«Ғазо – инсоният виждонидаги шармандалик доғи». БМТ минбаридан Исроилга танқидлар ёғилди

22-сентабр куни АҚШнинг Ню-Ёрк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасидаги юқори даражадаги умумий мунозаралар бошланди. Бу ҳар йили дунё етакчилари БМТ минбаридан ўз давлатларининг устувор йўналишларини баён қиладиган асосий тадбирдир.

Биринчи кун нутқларида, ўнлаб етакчилар сўзга чиққан пайтда, Ғазо ва босиб олинган Ғарбий Соҳил энг кўп тилга олинган мавзулардан бири бўлди. Иордания, Туркия, Бразилия ва Қатар раҳбарлари бу ҳудудлардаги Исроил ҳаракатларини танқид қилди. Франсия етакчиси Ғазодаги вазиятни "барча учун шармандали ҳолат", деб таърифлади. БМТ бош котиби ва бошқа расмийлар ҳам Исроилнинг ҳаракатларини қоралади. Трамп эса тахминан 38 дақиқалик нутқида Исроилни фақат бир марта тилга олди.

БМТ бош котиби сифатида Бош ассамблеяда сўнгги бор нутқ сўзлаётган Антонио Гутерриш Яқин Шарқдаги можаролар занжирсимон тарзда кучайиб бораётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, «ўт очишни тўхтатиш» деб аталган келишувлар учун нархни тинч аҳоли тўлашда давом этмоқда. У етакчиларни жангларни тўхтатишга ва ҳуманитар ёрдамни ўтказишга чақирди.

БМТ расмийси 2023-йилдаги Ҳамас ҳужумини «жирканч террор» деб атади ва шундан кейин Ғазодаги фаластинликларга қарши кенг кўламли ҳужум бошланганини билдирди.

«Ғазодаги [ҳолат] – Бош котиблик йилларимда кўрмаган даражадаги қирғин ва вайронагарчилик. …Ғарбий Соҳилда Исроил томонидан зўравонлик, кўчириш ва манзилгоҳлар кенгайиши эса «тинчлик йўлини булдозердек эзиб, этник тозалаш хавфини юзага чиқармоқда», деди Гутерриш.

Шунингдек, Гутерриш Халқаро суднинг геноцид конвенсияси бўйича ишдаги мажбурий вақтинчалик чораларини эслатиб, барча томонларни суд қарорларига бўйсунишга чақирди. Бу қарорларда Исроилга Ғазода геноцид ҳаракатларининг олдини олиш, геноцидга очиқ даъватларни жазолаш, ҳуманитар ёрдамни тўсиқсиз ўтказиш ва далилларни сақлаш буюрилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазодаги урушни тугатганини таъкидлаб, Исроил ҳақида фақат бир марта — 7-октабрдаги ҳужумининг уч йиллигини эслаганида гапирди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.