БМТда чиқиш қилган етакчилар ва Туркияда болалар иштирокидаги отишма – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

БМТда сўзга чиққан етакчилар ва Туркияда болалар қатнашган отишма – кун дайжести
22 сентябр куни Ню-Ёркда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасидаги юқори даражадаги умумий мунозаралар бошланди. 6 иш куни давом этадиган мунозаралар келаси душанба куни якунланади.
Биринчи кун икки хил дунёқарашнинг тўқнашуви билан ёдда қолди. Антониу Гутерриш БМТ Бош котиби сифатида Ассамблеядаги сўнгги нутқини сўзлади. У сўнгги йилларда дунёдаги ёриқлар жарларга айланганини айтди. Унинг таъкидлашича, супер давлатлар хавфсизликни кафолатлаш ёки дунё муаммоларини ҳал қилиш учун якка ўзи етарли қудратга эга эмас.
Исроил номини тилга олмаган ҳолда, у Ғазодаги вазиятни ўз фаолиятида кўрмаган миқёсдаги қирғин ва вайронагарчилик деб атади. Шунингдек, Ғарбий соҳилдаги зўравонлик ва кўчманчилар экспансияси икки давлат ечимини йўққа чиқараётганидан огоҳлантирди.
Бразилия президенти Лула да Силва БМТнинг обрўси Хавфсизлик Кенгашидаги вето ҳуқуқидан фойдаланиш ва геосиёсий кескинлик сабаб заифлашганини айтди.
Мезбон давлат вакили сифатида сўзлаган АҚШ президенти Доналд Трамп эса анча узоқ нутқ қилди. У Эрон билан келишув тузиш ёки уни бутунлай йўқ қилиш орасида қарор қилаётганини билдирди. У сунъий интеллектни глобал тартибга солиш ғоясини рад этди. Трамп Куба ҳукумати яқин орада қулашини башорат қилди ва Халқаро жиноят судига аъзо давлатларни ундан чиқишга чақирди. Шунингдек, у сунъий интеллектни «суперинтеллект» деб қайта номлади ва наркокартелларни ИШИД билан қиёслади.
Трамп Кубага босим кампанияси ҳақида гапираётган пайтда Куба делегацияси зални тарк этди. Нутқдан кейин у АҚШ расмийлари Ассамблея четида Эрон вакиллари билан уч соатлик «жуда яхши» учрашув ўтказганини маълум қилди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған нутқида асосий эътиборни Фаластин масаласига қаратди. У халқаро ҳамжамиятни Ғазо бўйича қатъийроқ чоралар кўришга, Фаластин давлатини тан олишга чақирди. Унинг нутқи вақтида Исроил делегацияси зални тарк этди.
Франсия президенти сифатида БМТдаги сўнгги нутқини сўзлаган Эммануел Макрон дунё танлов олдида турганини айтди: ё «ўрмон қонуни»га қайтиш, ё сивилизациялашган халқаро жамиятда яшаш. У Россия ва Украина энергетика ҳамда фуқаролик инфратузилмасига зарба беришдан ўзаро воз кечишини қўллаб-қувватлади. Трамп глобал сунъий интеллект регуляциясини рад этган бир пайтда, Макрон давлатларни Хитой ва АҚШдан мустақил, очиқ кодли илғор сунъий интеллект моделини биргаликда яратишга чақирди.

