ФВВ Чорвоқ сув омборида чўкиб кетганларни қидириш ишлари ҳақида маълумот берди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган уч кишининг (ота ва унинг икки ўғли) жасадини қидириш бўйича олиб борилаётган операция жараёни ҳақида маълумот берди. Қидирув ишларига бешта қутқарув отряди жалб этилган. Сувда еттита қутқарув бригадаси ишламоқда. Сирдарё ва Жиззахдан қутқарувчилар чақирилган. Видео.

ФВВ Чорвоқ сув омборида чўкиб кетганларни қидириш ишлари ҳақида маълумот берди
Ўзбекистон ФВВ матбуот котиби Мурод Содиқов Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган бир оиланинг уч аъзоси жасадини қидириш бўйича олиб борилаётган операция тафсилотларини маълум қилди.
Фожиа 2 сентябрь куни юз берган. Ўша куннинг ўзидаёқ ишга ФВВ куч ва воситалари, қутқарувчилар, ғаввослар ва махсус техникалар жалб этилиб, штаб ташкил этилган ва қидирув ишлари узлуксиз давом этмоқда.
Мурод Содиқов (ўнгда) ва Рустам Бўриев.
Қутқарув отряди командири Рустам Бўриевнинг маълум қилишича, уч киши — ота ва унинг икки ўғли чўкиб кетгани ҳақидаги хабар 112 рақамига келиб тушган.
Унинг сўзларига кўра, оила сув омборида сайр қилиш учун катер ижарага олган. Катер ҳайдовчисидан ташқари бортда эр-хотин, шунингдек, уларнинг қизи ва икки ўғли бўлган.
Суратга тушиш учун тўхтаган вақтда ўғиллардан бири чўмилишга қарор қилган. У қутқарув нимчасини киймаган. Шамол бўлган, сувда тўлқинлар кузатилган. Йигитнинг оёғи тортишиб қолган. Унинг ортидан сувга отаси, кейин эса иккинчи ўғли сакраган.
Катер ҳайдовчиси уларнинг уччаласини ҳам қутқаришга ҳаракат қилган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган. «Ҳаммаси жуда тез содир бўлди», — деди қутқарувчи.
Қутқарув операциясига бешта қутқарув отряди жалб этилган. Сувда еттита қутқарув бригадаси ишламоқда. Вазир топшириғига кўра, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан ҳам отрядлар сафарбар этилган.
Штабда ФВВ ва бошқа хизматлар вакиллари фаолият юритмоқда.
Рустам Бўриев фуқароларни белгиланмаган жойларда чўмилмасликка чақирди. Катер ва скутерларда сайр қилаётганда албатта қутқарув нимчасини кийиш зарур, ёнда эса ҳар доим лицензияга эга ҳайдовчи бўлиши керак, деди у.

