Фундаментал фанлар ўқитувчиларига янги рағбатлар ва мукофотлар ваъда қилинмоқда
Президент маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Мактаб — тараққиёт бошланиши, маданият ва фаровонлик дарвозасидир» деган сўзларини эслатиб ўтди. Ўғил-қизларимиз учун бу дарвозани кенгроқ очиш, уларнинг истеъдодларини рўёбга чиқариш — Учинчи Ренессанс ғоясининг асосий мағзидир.

Фундаментал фанлар ўқитувчиларига янги рағбат ва мукофотлар ваъда қилинди
Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожланиши билан янги касблар пайдо бўлмоқда, мавжудлари эса бошқа кўникмаларни талаб қилмоқда. Шу боис, мактаб битирувчиси тил ва касбни эгалламасдан туриб катта ҳаётга қадам қўймаслиги керак.
— Болани мактабдан касбсиз ва тилсиз чиқариш — унинг келажагига бефарқлик эмасми? — деди президент.
Директорлар ўқувчилар қайси тил ва қайси касбни ўрганаётгани, битириш вақтига келиб қандай кўникмаларга эга бўлиши ҳақида жиддий ўйлашлари кераклиги таъкидланди.
Мактаб раҳбарларига зарур ваколатлар берилади, ҳамкорликка тайёр тадбиркорлар учун эса шароитлар яратилади. Ёшларни мактаб партасидан бошлаб касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари узвийлигини таъминлаш учун комиссия тузилади; уч ой муддатда янги қарорлар эълон қилинади.
Иқтисодиёт ўсишнинг технологик ва инновацион моделига ўтиши учун болалар математика, физика, кимё ва биология фанларини мактабдаёқ чуқур ўрганишлари лозим. Шу мақсадда, агар синфда 25 нафардан ортиқ ўқувчи бўлса, ушбу фанлар икки гуруҳга бўлиб ўқитилади.
Фундаментал фанлар ўқитувчилари учун янги рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда. Миллий сертификатга эга педагогларга 50 фоизлик устама тўланади, туман ва шаҳарлардаги 208 нафар етакчи ўқитувчи эса ҳар йили 30 миллион сўмдан мукофот олади. Яна 1 минг нафар ўқитувчи хорижда стажировка ўтайди.
Камида 15 йил иш стажига эга педагогларнинг фарзандларига олий ўқув юртидаги контракт учун фоизсиз кредит ажратилади. Чет эл ва миллий сертификат олган ўқитувчиларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино ва Менделеев номидаги халқаро ва минтақавий олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган педагогларга тўғридан-тўғри олий тоифа берилади. Президент ушбу ташаббуслар қарийб 100 минг нафар ўқитувчи учун муносиб рағбат бўлишига ишонч билдирди.

