Франсия олов ичида. Нима гап ўзи?
Франсияда бир неча ҳафтадан буён намойишлар тинчимаяпти. Мактаб ўқувчиларининг эътирозидан бошланган намойишлар бутун мамлакатни қамраб олиб, жиддий сиёсий муаммога айланди. Трамп намойишларда исломни ва мусулмонларни айблади, «Париж тез орада мусулмон шаҳарга айланишидан» огоҳлантирди. Хўш, аслида муаммо нимада? Франсузлар нима даъво билан кўчаларга чиқди?

Франсия олов ичида. Нима бўляпти ўзи?
Ҳаммаси Париж чеккасидаги мактаблардан бошланди. Ўқувчилар мактаблардаги шароит ёмонлиги, синфхоналар ҳаддан ташқари гавжумлиги, бинолар эскиргани ва ўқитувчилар етишмаслигидан норози бўлиб кўчага чиқди. Кейин бу намойишларга талабалар ҳам қўшилди.
Франсияда одатда намойишлар жуда тез ёйилади. Норозилик аксияларининг катта қисми тинч ўтади, одамлар ижтимоий муаммолар юзасидан ўз эътирозларини ҳукуматга баннерлар билан билдиради. Аммо радикал гуруҳлар учун намойишлар тартибсизлик чиқариш ва товламачилик қилиш учун қулай имконият. Бу сафар ҳам шундай бўлди: мактаб болаларининг эътирози билан бошланган норозиликларда ёмон ниятли гуруҳлар «эстафетани илиб кетиб», тинч намойишни бузғунчиликка айлантириб юборди.
Демократик жамиятларда одамларнинг ҳукуматга эътирозини тинч намойиш шаклида билдириш одатий ҳол ҳисобланади. Келинг, ҳеч кимнинг машинасини ёқмайдиган, ҳеч кимнинг дўконини таламайдиган ҳақиқий намойищилар нимадан норози эканига қараймиз. Асосий норозилик нарх-наво издан чиққани билан боғлиқ, ҳукумат ҳам айнан шу версияни илгари сурди. Парижликлар уй-жой нархи ва ижара ҳақи одамлар даромадига нисбатан ҳаддан ташқари юқорилигидан шикоят қилмоқда. Муаммо айниқса Парижда яққол сезилади: бу шаҳарда оддий уй ижараси ойига 2 минг евро атрофида, бироқ ойига шунча пул тўлайдиган иш топиш осон эмас.
Шу ўринда ижара нархи нега одамлар даромадига қараб белгиланмайди, деган савол туғилади. Бу бозор иқтисодиёти билан боғлиқ масала. Париж сайёҳлар оқиб келадиган манзил. Дунёнинг турли бурчакларидан келган бой одамлар бу шаҳарда уй сотиб олиб, уни ижарага бериб пул ишлайди. Бой инвесторларнинг кўчмас мулкка сармоя киритиши табиий равишда нархни оширади.
Натижада Париждаги кўплаб уйлар пули кўп сайёҳлар учун қулай, оддий ойлик билан ишлайдиган франсуз учун эса маошининг катта қисмини ютиб юборадиган ҳашаматга айланди. Намойищилар бундан норози, улар Франсия аввало франсузлар учун бўлиши, ҳукумат маҳаллий аҳолига ёрдам бериши керак, деб ҳисоблайди.
Бу муаммо Европанинг кўплаб ривожланган давлатларида учрайди. Осиёлик бойлар Европада кўчмас мулк сотиб олиб пул ишлашни одат қилган, чунки улар европаликлар алдамаслигини, қонун ишлашини, ҳеч ким мулкини тортиб олмаслигини билади. Олмонияда ҳукмрон партиянинг ҳудудий сайловларда ютқаза бошлашига сабаб бўлган омиллардан бири ҳам айнан шу.
Хўш, муаммолар маҳаллий экан, нега унда намойишга чиққан муҳожир ёшларга урғу берилмоқда? Чунки намойишларда айнан шу муҳожирларнинг фарзандлари фаол бўлди. Оддий франсузлар ижтимоий муаммони ҳукуматга етказиш учун кўчага чиққан эди, лекин ўша ёшлар дўконларга бостириб кирди.

