Дунё

«Дарслар кўп, ўқитувчи кам»: Франсияда ўқувчилар кўчага чиқди

Франсияда синфларнинг тўлиб кетгани, ўқитувчилар етишмаслиги ва дарс жадвалининг ҳаддан ташқари тиғизлигидан норози ўқувчилар намойишлари кенгаймоқда. Бир ҳафта ичида норозиликлар 356 та мактабни қамраб олган, айрим шаҳарларда эса полиция билан тўқнашувлар юз берган.

«Дарслар кўп, ўқитувчи кам»: Франсияда ўқувчилар кўчага чиқди

ДВ нашрининг АФП агентлигига таяниб хабар беришича, Франсия ички ишлар вазири Лоран Нунес 30-сентабр куни намойишлар 356 та мактабни қамраб олганини маълум қилган. Бир кун аввал бу кўрсаткич 338 та эди.

Норозиликлар бошланганидан бери 625 киши қўлга олинган. Тўқнашувларда 83 нафар полиция ва жандармерия ходими жароҳат олган.

Франсия Таълим вазирлиги маълумотига кўра, ўтган ҳафтадан буён 119 нафар ўқувчи ва 34 нафар мактаб ходими ҳам зарар кўрган. Вазир Эдуар Жеффре вазиятни «таълим соҳасида мисли кўрилмаган ҳолат» деб таърифлаган.

Намойишлар аввал Париж ва унинг атрофини қамраб олувчи Ил-де-Франс ҳудудида бошланган, кейинчалик эса бутун мамлакат бўйлаб ёйилган.

Юқори синф ўқувчилари синфларда болалар сонининг ҳаддан ташқари кўплиги, педагоглар етишмаслиги, таълим муассасаларининг ёмон аҳволи ҳамда, уларнинг фикрича, дарс жадвалининг ўта тиғизлигидан норози.

Айрим йирик шаҳарларда намойишлар полиция билан тўқнашувларга айланган. Баъзи ҳолатларда намойищилар тош ва ёнувчи аралашма солинган шишалардан фойдаланган. Полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Франсия президенти Эммануел Макрон кўплаб ёшларнинг «хавотири ва ғазабини» тушунишини билдирган. Бироқ у бу муаммоларнинг ҳеч бири зўравонликни оқламаслигини таъкидлаган.

Ҳукумат ўқувчилар ўз хавотирлари ва талабларини билдира олиши учун мулоқот платформасини ташкил этишини эълон қилган. У 6-октабрдан кечикмай ишга тушиши керак. Шундан сўнг расмийлар вазиятни умуммиллий миқёсда таҳлил қилишни режалаштирмоқда.

«Қандай бўлмасин, ўқувчиларимизнинг дарсларга қайтишига эришишимиз керак», - деган таълим вазири.

АФП қайд этишича, сўл популистик «Бўйсунмас Франсия» партияси ўқувчиларнинг норозилик ҳаракатини қўллаб-қувватламоқда. Партия етакчиси Жан-Люк Меланшон ўз сиёсий кучи зўравонликсиз намойишларга чақираётганини билдирган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.