Фон дер Ляен: Ижтимоий тармоқлар болаларни болалигидан маҳрум қилмоқда
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляен 13 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш, 15 ёшгача эса мустақил аккаунт очишга йўл қўймасликни таклиф қилди. Янги қоидаларга кўра, платформалар ўз хизматлари вояга етмаганлар учун хавфсиз эканини исботлаши керак бўлади.

Фон дер Ляен: Ижтимоий тармоқлар болаларни болалигидан маҳрум қилмоқда
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляен 16-сентабр куни Страсбургда Европа парламентида «Иттифоқ ҳолати тўғрисида»ги йиллик мурожаатида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини кескин чеклашга қаратилган янги режаларни эълон қилди.
Фон дер Ляеннинг айтишича, Европа Иттифоқида 13 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши, 15 ёшгача бўлганлар эса шахсий аккаунт очолмаслиги керак. 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўсмирларга фақат ота-она ёки васий томонидан очилган ва назорат қилинадиган махсус «мини-аккаунтлар» орқали чекланган имкониятлар берилиши режалаштирилмоқда.
Бундай аккаунтларда платформанинг айрим функсиялари чекланади ва фойдаланиш вақтига лимит қўйилади. Фон дер Ляен нутқида бу вақтни кунига бир соат билан чеклаш режасини ҳам тилга олди. 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун эса платформалар «хавфсиз дизайн» тамойили асосида ишлаши лозим бўлади.
Еврокомиссия раиси бу чораларни болаларнинг интернетда ўтказаётган вақти ортиб бораётгани билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, ёш европаликлар экран қаршисида кунига ўртача 4–6 соат вақт ўтказмоқда, ижтимоий тармоқлар алгоритмлари эса уларни имкон қадар узоқроқ платформада ушлаб туришга мўлжалланган.
Фон дер Ляен бу жараённи болаларнинг «диққати, эътибори ва онгини эгаллаб олиш» деб атаб, ижтимоий тармоқлар уларни болалигидан маҳрум қилаётганини айтди. У уйқу бузилиши, хавотир ва онлайн буллинг каби хавфларга ҳам эътибор қаратди.
Еврокомиссия раиси, шунингдек, платформалардаги фойдаланувчини ўзига боғлаб қўювчи механизмлар ва алгоритмларга қарши чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
«Биз ўзига қарам қилиб қўювчи функсияларни қабул қилишимиз шарт эмас. Болаларнинг тобора экстремал контентга тортилишига ҳам тоқат қилишимиз шарт эмас», - деди фон дер Ляен.
Янги ёндашувнинг муҳим жиҳатларидан бири — платформаларнинг жавобгарлигини кучайтириш. Ҳозирги моделда болалар ва ота-оналар хавфлардан ҳимояланиш чораларини кўриши кутилса, Еврокомиссия бу мантиқни ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Яъни ижтимоий тармоқнинг болалар учун хавфсиз эканини энди платформанинг ўзи исботлаши керак бўлади.
«Гап вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқларга кириши ҳақида эмас. Гап ижтимоий тармоқларга вояга етмаганларга қачон ва қандай киришга рухсат беришимиз ҳақида кетмоқда», - деди фон дер Ляен.

