Еврокомиссия раҳбари ҳамкор давлатлар иштирокида Европа хавфсизлик кенгашини ташкил этишни таклиф қилди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Иттифоқ давлатлари ва ҳамкор мамлакатлар етакчилари иштирокида Европа хавфсизлик кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда у Европарламентга йиллик мурожаати чоғида маълум қилди.
Янги тузилмага Канада, Норвегия, Украина ва Буюк Британия вакилларини киритиш таклиф этилмоқда. Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, қитъа учун мавжуд хавф-хатарларнинг хусусияти ва кўлами туфайли бундай майдончага бўлган эҳтиёж шошилинч тус олган.
Бундан ташқари, ЕК раҳбари Европада гибрид таҳдидларга биргаликда жавоб қайтариш учун НАТОдан мустақил бўлган огоҳлантириш механизмини шакллантиришга чақирди. Агар мамлакатлардан бири ушбу механизмни ишга туширса, иттифоқнинг барча 27 та давлати мажбурий фавқулодда маслаҳатлашувларни бошлаши керак бўлади. Ушбу тизим киберҳужумлар, диверсиялар ва дронлар билан боғлиқ ҳодисалар сони ортиб бораётган бир пайтда НАТО Шартномасининг тўртинчи моддасини тўлдириши лозим.
Еврокомиссия раҳбари ўз нутқида, шунингдек, тадбирда иштирок этаётган мамлакат бош вазири Марк Карнига мурожаат қилиб, Канада учун Европа Иттифоқига ассоциациялашган аъзолик йўлини очишни таклиф қилди. Гарчи бирлашманинг амалдаги шартномаларида бундай мақом назарда тутилмаган бўлса-да, ассоциациялашган аъзолик ғояси сўнгги пайтларда Европа сиёсий доираларида фаол муҳокама қилинмоқда.
Мурожаатда Украинани кириб келаётган қиш мавсумида қўллаб-қувватлаш мавзусига алоҳида тўхталиб ўтилди. Европа Иттифоқи инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни, энергия ва иссиқлик таъминотини мустаҳкамлашга кўмаклашишни, шунингдек, мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кучайтиришни режалаштирмоқда.

