Франсияда болалар учун ижтимоий тармоқларнинг тақиқланиши ноқонуний деб топилди
Конституциявий кенгаш янги қонун 15 ёшгача бўлган болаларнинг сўз ва мулоқот эркинлигини чеклашга олиб келади ва бу чеклов «на ўринли, на зарурий, на мутаносиб» деган хулосага келди.

Франсияда 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқловчи қонун ноқонуний деб топилди. Мамлакатнинг олий конституциявий органи – Конституциявий кенгаш июл ойида парламент томонидан қабул қилинган ва президент Эммануел Макрон сентябрда кучга киритишга ваъда берган ушбу қонунни Конституцияга зид деб топди.
Конституциявий кенгашнинг хулосасига кўра, янги қонун 15 ёшгача бўлган болаларнинг сўз ва мулоқот эркинлигини чеклайди, бу чеклов эса "на ўринли, на зарурий, на мутаносиб"дир.
АФП агентлигининг хабар беришича, Елисей саройи Конституциявий кенгаш қарорига жавобан, президент Макрон бош вазир Себастян Лекорнюга имкон қадар тезроқ янги, "ҳуқуқий жиҳатдан пухта" қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни топширганини маълум қилди.
Конституциявий кенгаш анъанавий суд эмас. Унинг таркибига лавозими бўйича Франсиянинг собиқ президентлари киради, қолган аъзолар эса республика президенти ва парламент палаталари раислари томонидан тайинланади. Кенгаш қонун ҳужжатларининг Франсия Конституциясига мувофиқлигини баҳолайди ва унинг қарорлари қатъий ҳисобланади.
Макрон маъмурияти президентнинг болалар учун ижтимоий тармоқларга тақиқ жорий этиш ниятида қатъий эканлигини таъкидлади.
Июл ойида Сенат ва Миллий ассамблея томонидан қабул қилинган қонунга кўра, келаси йилнинг январ ойидан 15 ёшга тўлмаган шахсларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши керак эди. Аксарият оммабоп ижтимоий тармоқлар 13 ёшдан рўйхатдан ўтишга рухсат беради, бироқ вояга етмаган фойдаланувчилар учун мулоқот, алоқа ўрнатиш ва улар кўрадиган контент борасида қўшимча чекловлар мавжуд.
Сентябр ойиданоқ янги аккаунт яратишда ёшни тасдиқлаш талаб этиларди, январдан бошлаб эса Франсиянинг ҳар бир фуқароси ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун 15 ёшдан ошганини тасдиқлаши шарт бўларди.
Ёшни текширишни платформаларнинг ўзи – шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича Франсия назорат органи томонидан маъқулланган воситалар ёрдамида амалга ошириши лозим эди.
Бундай чораларнинг зарурлиги ҳақида кўплаб мамлакатларда, жумладан, Буюк Британияда ҳам гап бораётган бўлса-да, ҳозирча тегишли қонун фақат Австралияда қабул қилиниб, кучга кирган. Кўпгина экспертлар бу қонун ишламаяпти, аксарият ўсмирлар эса ҳамон ижтимоий тармоқлардан бемалол фойдаланмоқда, деб ҳисоблайди.

