FlyArystan ҳафтасига икки марта Олмаота — Урганч йўналиши бўйича парвозларни йўлга қўйди
Қозоғистоннинг FlyArystan авиакомпанияси Олмаота ва Урганч ўртасида мунтазам рейсларни йўлга қўйди, улар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.

FlyArystan Олмаота — Урганч йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта парвозларни амалга оширишни бошлади
Қозоғистоннинг FlyArystan авиакомпанияси Олмаота ва Урганч ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйди. Янги йўналиш бўйича илк парвоз амалга оширилди ва бу Қозоғистон ҳамда Хоразм вилояти ўртасидаги туристик алоқаларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар бермоқда.
Парвозлар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Парвоз вақти 2 соат-у 35 дақиқани ташкил этади.
Илк рейс билан Хоразмга Қозоғистоннинг 10 та туристик компанияси вакиллари учиб келди. Улар учун уч кунлик ахборот тури ташкил этилди, унинг доирасида маҳаллий туроператорлар иштирокида B2B учрашувлар ва воркшоплар режалаштирилган.
Сафар давомида Қозоғистон туризм бизнеси вакиллари Хоразмнинг тарихий-маданий диққатга сазовор жойлари, шунингдек, вилоятнинг туристик салоҳияти билан танишадилар.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бундай ахборот турларининг ўтказилиши Хоразм вилоятини Қозоғистон туризм бозорида тарғиб қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, улар икки мамлакат туристик компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро сайёҳлар оқимини оширишни мақсад қилган.
Янги авиайўналиш, шунингдек, қозоғистонлик сайёҳлар учун Хоразмнинг транспорт қулайлигини оширади ва минтақага халқаро сайёҳлар оқимини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

