Ўзбекистонда биринчи Урганч—Хива пулли автомобил йўли ишга туширилмоқда

Ўзбекистонда биринчи пуллик автомобил йўли – Урганч—Хива йўналишида фойдаланишга топширилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти чоғида маълум қилинди.
35 километр узунликдаги ушбу янги “Урганч – Хива” автомобил йўли ишга туширилиши билан бирга, ҳафталик авиарейслар сони 16 тадан 102 тага, темир йўл қатновлари эса 8 тадан 41 тага оширилгани қайд этилди.
Давлат раҳбари сўнгги йилларда Хоразмда тадбиркорлик учун мутлақо янги шароитлар яратилганини таъкидлади. Қисқа муддатда ҳудудга 4 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 10 мингта янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган.
“Ҳазорасп” махсус иқтисодий зонаси ва 31 та саноат зонаси ташкил этилган. Тупроққалъа ва Янгиариқда умумий қуввати 275 мегаватт бўлган электр стансиялари қурилиб, корхоналарнинг барқарор энергия таъминотига хизмат қилмоқда.
Билдирилишича, бугунги кунда Хоразм иқтисодиётининг 72 фоизини кичик бизнес ташкил этмоқда. Экспортда кичик бизнеснинг улуши 81 фоизга етиб, вилоят республикада биринчи ўринга чиқди.
25 гектар майдонда “Арда Хива” туристик мажмуаси барпо этилган, тадбиркорлар томонидан 7 минг ўринли 331 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари ташкил қилинган. Жорий йилда Хоразмга 3 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда.
Хивада меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар обьектларни ўз ичига олган “Саҳро юлдузи” туристик комплекси ҳам бунёд этилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бугун Хоразм тадбиркорлар учун янги имкониятлар марказига айланиб бормоқда.

