Шавкат Мирзиёев Хоразмда 176 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга туширди
Хива шаҳридаги «Фаровон Кҳива Ҳотел» меҳмонхонасида президент иштирокида Хоразм вилоятидаги янги лойиҳаларни ишга тушириш ва истиқболли ташаббуслар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида умумий қиймати 176 миллион долларга тенг 12 та лойиҳани ишга туширди.
Президент та'кидлашича, "Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларимизнинг илк кунларидан янги иш ўринларини яратиш ва замонавий қувватларни ишга туширишни асосий йўналиш сифатида белгилаб олганмиз. Шу мақсадда Хоразм вилояти бўйича ҳам алоҳида дастур ва қарорларни тасдиқлаб, маблағини ҳам, масъулларини ҳам аниқ белгилаб, ишларни ташкил қиляпмиз."
Хоразм вилоятига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 2016-йилдаги 30 миллион доллардан 2026-йилда 2 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Мустақиллик байрами арафасида Урганч халқаро аеропортидан Хивагача бўлган электрлаштирилган темир йўл линияси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, мамлакатдаги биринчи пуллик автомобил йўли бўладиган Урганч–Хива пуллик автомобил йўли ҳам ишга туширилмоқда. Бу йўл орқали Урганчдан Хивага бориш вақти 45 дақиқадан 20 дақиқага қисқаради.
Давлат раҳбари шундай деди: "Бу ишларимизнинг давоми сифатида бугун сизлар билан 176 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга туширамиз. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар иштирокида барпо этиладиган 7 миллиард 424 миллион долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берамиз."
Жумладан, Тупроққалъа туманида Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан 6 миллиард долларлик экологик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳага Хитойнинг Синопес компанияси жалб этилган бўлиб, ер майдонини тайёрлаш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари бошланган.
Словакиялик ҳамкорлар билан 5 минг гектар қумли ерни ўзлаштириш ва 170 миллион долларлик биоетанол ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирда 1,5 минг гектар майдонда амалий ишлар бошланган.
Урганч шаҳрида япониялик ҳамкорлар билан 30 миллион долларлик 250 ўринли меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуаси барпо этилмоқда. Уни 2027-йилда тўлиқ ишга тушириш кўзда тутилган.
Саудия Арабистони билан ҳамкорликда вилоят марказида замонавий қозонхона қурилиб, 183 та кўп қаватли уй ва 37 та ижтимоий объектни иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш қувватлари яратилади. Туркиялик ҳамкорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида офталмология клиникаси ташкил этилади.
Урганч туманида кореялик инвесторлар иштирокида республикада илк бор чиқиндиларни ёпиқ сикл асосида қайта ишлаб, 71 мегаватт "яшил" энергия ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Унга 100 миллион доллар инвестиция киритилади.
Шунингдек, Хива шаҳрига туташ 26 гектар майдонда 120 миллион долларлик "Саҳро юлдузи" замонавий туристик мажмуаси, Урганч туманида 26 миллион долларлик мис саноати кластери ва 60 миллион долларлик оптик толали кабеллар ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилади.
Ал-Хоразмий шаҳарчасида 5 минг талабага мўлжалланган замонавий университет, меҳмонхона, дам олиш ва савдо мажмуалари, Урганч шаҳрида эса "Инвесторлар уйи" биноси қурилади. Ушбу лойиҳалар натижасида жами 6,6 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари мазкур лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар ва жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирди. Президент рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларни ишга туширди ва қурилиш ишларига старт берди. Инвесторлар ва фаоллар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.

