Фавқулодда вазият юзага келганда қандай озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб қўйиш керак?
Экстремал об-ҳаво харид қилиш одатларимизни ўзгартиришни талаб қилиши мумкин, чунки Буюк Британия ҳукумати аҳолини консерваланган маҳсулотлар захирасини яратишга чақирмоқда.

Фавқулодда вазиятларда қўл остида қандай озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш керак?
Экстремал об-ҳаво харид қилиш одатларимизни ўзгартириши мумкин.
Шу ой бошида Буюк Британия ҳукумати озиқ-овқат таъминоти занжирида узилишлар юз берган тақдирда, одамларга харид саватчасига бир нечта қўшимча узоқ муддат сақланувчи маҳсулотларни қўшишни тавсия қилди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Дама Анжела Игл Guardian нашрига берган интервьюсида Эл-Ниньо кучли табиий иқлим ҳодисаси мамлакатга "янада кучлироқ бўронлар" олиб келишини айтди.
Иқлим ўзгариши, киберҳужумлар, касалликлар авж олиши ва можаролар билан бир қаторда, охир-оқибат дўконларимиз ва уйларимизга озиқ-овқат етказиб берадиган тизимга босим ўтказиши мумкин.
Таъминот занжири стратегияси бўйича эксперт, профессор Ричард Уилдинг менга "ҳаддан ташқари хавотирланмасликни" айтди, чунки глобал юк ташиш мутахассислари доимий равишда мослашиб бормоқдалар, аммо у одамлар зарурат туғилганда бошқа маҳсулотларни сотиб олишга тайёр бўлишлари кераклигини таъкидлади.
"Супермаркетларда бўлган ва нисбатан кўп деб ҳисобланган нарсалар тўсатдан тақчил бўлиб қолиши мумкин", дея қўшимча қилади у.
Хўш, захира қилиш қанчалик осон ва нималардан қочиш керак?
Захира яратишни хоҳловчилар учун асосий маҳсулотлардан бири консерваланган ёғли балиқлар — жумладан, лосось, скумбрия ва тузли сувдаги балиқлардир.
Британия овқатланиш жамғармасининг катта илмий ходими, диетолог доктор Сэмми Гилл биринчи навбатда маълум бир озиқ-овқат гуруҳларига эътибор қаратиш лозимлигини айтади:
Буғдойли печеньелар, бутун донли бўтқалар, крекерлар ва нонлар, шунингдек, сули, гуруч ва макарон каби мураккаб углеводлар
Консерваланган нўхат, ясмиқ, қизил ловия, тузланмаган ёнғоқлар, ёнғоқ пастаси ва тунец, скумбрия ҳамда сардина каби консерваланган ёғли балиқлар каби оқсиллар
Маслаҳатчи диетолог Ребекка МакМанамон қуйидаги зарур маҳсулотларни санаб ўтади:
Консерваланган мевалар, чунки уларнинг шарбатини қўшимча суюқлик, витаминлар ва клетчатка сифатида ичиш мумкин
Сабзавотлар ва тухум каби тузланган маҳсулотлар
Ҳар икки эксперт ҳам оқсил, кальций ва суюқлик манбаи сифатида совуткичсиз пештахталарда сақланадиган узоқ муддатли сутни олиб қўйишни тавсия қилади
Гилл консерваланган маҳсулотларни сотиб олаётганда туз ва шакар миқдорини текширишни маслаҳат беради:
Тузли сув ёки сиропда консерваланган маҳсулотлардан қочинг
, сув энг соғлом танловдир
Туз миқдори юқори бўлгани учун тез тайёрланадиган лағмон ва консерваланган шўрвалардан қочинг
Қўшимча шакар солинган ва озуқавий моддалари кам бўлган нонушта бўтқалари ва батончиклардан қочинг
Сосиска, хот-дог ёки тузланган гўшт (тушонка) каби консерваланган гўшт маҳсулотларидан кўра консерваланган балиқни танланг, чунки улар кўпинча қайта ишланган ва таркибида туз ҳамда тўйинган ёғлар кўп бўлади
Таркибида шакар кўп бўлган печенье ва шоколад каби ширинликларни чекланг
Хўш, асосий маҳсулотларнинг таъмини қандай яхшилаш мумкин? МакМанамон ширинликка муқобил сифатида ёнғоқларни захира қилишни айтади, аммо уларнинг яроқлилик муддати қисқароқ бўлиши мумкинлигини қайд этади.
У шунингдек, қуритилган кўкатлар, зираворлар ва тузни тайёрлаб қўйишни тавсия қилади, чунки унинг айтишича, консерваланган овқатлар бироз бемаза бўлиши мумкин.
МакМанамоннинг айтишича, об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, кунига тахминан 1500-2500 мл суюқлик ичишни мақсад қилиш керак.
Бу, албатта, шишадаги сувдан, шунингдек, агар захиралар чекланган бўлса, у "суюқликка бой консерваланган маҳсулотлар" деб атайдиган маҳсулотлардан келиши мумкин.
Консерваланган овқатлар янги узилган маҳсулотлар каби тўйимлими деб ўйлаётганлар учун доктор Гилл бу мутлақо соғлом овқатланишнинг бир қисми бўлиши мумкинлигини айтади.
"Консерваланган ва янги маҳсулотлар ўртасида углеводлар, оқсиллар, ёғлар ва клетчатка каби макронутриентлар, шунингдек, А ва Е каби ёғда эрийдиган витаминлар ва минераллар жиҳатидан озуқавий фарқ жуда кам", дейди у.
У В ва С каби бошқа витаминлар учун унчалик фойдали бўлмаслиги мумкин, чунки консервалаш жараёни витаминлар даражасини камайтириши аниқланган, аммо Гилл бу маҳсулотлар барибир витаминларнинг "фойдали манбаи" бўлиши мумкинлигини айтади.

