“Энди биз умрбод ака-укамиз!”: 11-сентябр терактидан омон қолганлар ҳикояси

“Энди биз умрбод ака-укамиз!”: 11-сентябр терактидан омон қолганлар ҳикояси
Роппа-роса 25 йил олдин — 2001-йил 11-сентябр куни дунё тарихидаги энг даҳшатли терактлардан бири юз берди. “Ал-Қоида” жангарилари АҚШда тўртта йўловчи самолётини қўлга олди. Улардан иккитаси Ню Ёркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига урилди, учинчи самолёт Пентагон биносига келиб урилди, тўртинчиси эса Вашингтонга етиб бормай далага қулаб тушди. Тахминларга кўра, унинг нишони АҚШ Капитолий биноси бўлган.
Ўша кунги терактлар натижасида жами 2 977 киши ҳалок бўлди. Шулардан 2 606 нафари эгизак минораларга уюштирилган ҳужум қурбонлари эди. Жаҳон савдо марказида вафот этганларнинг аксарияти самолёт урилган қаватларда ва ундан юқоридаги офисларда ишлаган ходимлар бўлган. Шимолий минорада зарба тушган ҳудуддан юқорида бўлганларнинг ҳеч бири қутула олмади. Жанубий минорада эса бу ҳудуддан атиги 18 киши тирик чиқишга муваффақ бўлди. Ўша куни жабрланганларни қутқариш борасида кўпчилик ёдида қолган энг муҳим воқеалардан бири Браян Кларк ва Стенли Праймнат билан боғлиқ.
Стенли Жанубий миноранинг самолёт урилган қаватларидан бирида ишларди. Ундан юқорироқ қаватда бўлган Браян Стенлини вайроналар орасидан топиб, олиб чиқади. Шундан кейин улар бирга бинода омон қолган ягона зинапоя орқали пастга тушади ва минора қулашидан атиги бир неча дақиқа олдин ташқарига чиқишга улгуради. Шу куни Кларк ва Праймнат бундан буён бир-бирини қондош ака-ука деб билишга ваъда беради. Уларнинг дўстлиги ҳануз давом этмоқда.
Браян Кларк ва Стенли Праймнат ҳақидаги ҳикоя ўнлаб мақолалар, телекўрсатувлар ва ҳужжатли филмларда ёритилган. Аммо чорак аср ўтган бўлса ҳам, уларнинг қандай омон қолгани ҳақидаги воқеа ҳануз ақл бовар қилмасдек туюлади.
Браян Кларк ва Стенли Праймнат Жаҳон савдо марказидаги илк терактни ҳам бошдан кечирган. Бу 1993-йилда содир бўлганди. Ўшанда Жаҳон савдо марказининг Шимолий минораси остидаги автотураргоҳда портловчи моддалар ортилган юк машинаси портлатилган. Ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлган, мингдан ортиқ одам жароҳат олган.
Кларк ҳам, Праймнат ҳам ўша пайтда эгизак минораларда ишларди, бироқ улар ҳали бир-биридан бехабар эди. Улар фақат 2001-йил 11-сентябр куни танишади.
Келиб чиқиши канадалик бўлган Браян Кларк Эуро Брокерс брокерлик компаниясида вице-президент бўлиб ишларди. Компаниянинг офиси Жанубий миноранинг 84-қаватида жойлашган эди. 11-сентябр тонгида у одатдагидек ўз кабинетида ишлаётган эди. Соат 08:46 да Кларк қулоқни қоматга келтирадиган кучли гумбурлашни эшитади. Дераза томонга ўгирилганда эса алангани кўради. Бу вақтда биринчи самолёт Шимолий минорага урилганди, бироқ Кларк ўша заҳоти нима бўлганини билмасди.
1993-йилдаги терактдан кейин у Жаҳон савдо марказининг кўнгилли ёнғин хавфсизлиги гуруҳига қўшилган ва фавқулодда вазият юз берса ҳамкасбларини офисдан олиб чиқишга масъул бўлган. Дераза ортидаги алангани кўрган Кларк юқори қаватларда нимадир портлаган, шу боис ҳамма дарҳол бинони тарк этиши керак, деб ўйлайди. Аммо Эуро Брокерс офисидаги одатда молиявий маълумотларни кўрсатиб турадиган телевизорлар бир пайтнинг ўзида Жаҳон савдо марказига самолёт урилгани ҳақидаги шошилинч хабарларга ўтади.
Шунда Эуро Брокерс ходимлари зарба бошқа бино — Шимолий минорага текканини тушунади. Жанубий минорада хавф йўқ, деб бино маъмурияти овоз кучайтиргичлар орқали эълон қилади. Шу сабаб Кларк ва унинг йигирмага яқин ҳамкасби офисда қолишга қарор қилади. Улар энди бинони тарк этишга ҳожат йўқ, деб ўйлаганди.
Бироқ одамлар қўрқув ва хавотир ичида эди. Уларнинг офиси деразаларидан Шимолий минорадаги улкан ёнғин яққол кўриниб турарди. Бундан ҳам даҳшатлиси — юқори қаватлардан одамларнинг пастга қулаётганини кўриш эди…
Стенли Праймнатнинг офиси Браян Кларк ишлайдиган жойдан уч қават пастда — Жанубий миноранинг 81-қаватида жойлашган эди. Гаяналик Праймнат ўша пайтда Фужи Банкъда кредитлар бўйича мутахассис бўлиб ишларди. У автоматик жавоб берувчи қурилмадаги хабарларни текшираётганида, дераза ортида алангага ўралган вайрона бўлаклари пастга қулаётганини кўради. Шундан сўнг у Фужи Банкъдаги ҳамкасблари билан бирга пастга — вестибюлга тушади. Бироқ у ерда уларни қўриқчи тўхтатади.
Праймнатнинг эслашича, улар орасида тахминан шундай суҳбат бўлган:
— Қаерга кетяпсизлар?
— Шимолий минорадаги ёнғинни кўрдик.
— Бу шунчаки бахциз ҳодиса. Жанубий минора хавфсиз. Офисингизга қайтинглар.
Кейинчалик бу маслаҳат Праймнатнинг аксарият ҳамкасблари учун ҳалокатли қарорга айланган эди.
Праймнат яна юқорига чиққанида иш столидаги телефон жиринглаётганини эшитади. Унга Чикагодаги ҳамкасби қўнғироқ қилиб, аҳволини сўрайди. Праймнат ҳаммаси жойида эканини айтади ва шу пайт бошини кўтариб дераза томон қарайди. Қаршисидан минора томон улкан Унитед Аирлинес самолёти учиб келаётган эди. Праймнат телефон гўшагини қўлидан тушириб юборади ва: “Эй Худо, энди ҳаммасини ўзинг бошқар. Мен бошқа ҳеч нарса қила олмайман”, — деб ҳайқиради. Сўнг у иш столининг тагига йиқилади ва бошини беркитиб, ғужанак бўлиб олади.
Соат 09:03
Иккинчи самолёт Жанубий минорага келиб урилади. Праймнат зарба етган ҳудуднинг қоқ марказида қолиб кетганди. Самолёт зарбаси бирданига тўққиз қаватни — 77-қаватдан 85-қаватгача бўлган ҳудудни қамраб олади. Унинг бўлимига кириш эшиги олдида эса самолёт қанотининг ёнаётган парчаси тиқилиб қолган эди.
Фото: АФП
Самолёт урилган пайтда Кларк ҳам ўз офисида эди. У яқинлашиб келаётган самолётни кўрмаган, бироқ кучли гумбурлаш ва қарсиллаган товушларни эшитган. Атрофдаги буюмлар қулаб, ҳамма жойни оқиш чанг босади. Кларк минора чайқалиб кетганини сезади. У даҳшат ичида бино ҳозир қулайди, деб ўйлайди, аммо иншоот тик туриб қолади.
Ёнидаги фонарни ёққач, Кларк ташқарига чиқиш йўлини излай бошлайди. У мутлақо тасодифан А зинапояси томон бурилади ва айнан шу қарор унинг ҳаётини сақлаб қолади. Бу Жанубий минорадаги учта зинапоядан бири бўлиб, самолёт урилган жойдан энг узоқда жойлашган ва зарбадан кейин фойдаланиш мумкин бўлиб қолган ягона зинапоя эди. Кларк пастга туша бошлайди. Йўлда унга яна бир неча киши қўшилади. 81-қаватдаги зинапоя майдончасида уларнинг кичик гуруҳи пастдан юқорига кўтарилаётган бир аёл ва бир эркакка дуч келади.
— Тўхтанг, тўхтанг, ортга қайтишингиз керак. Пастда ҳамма жой олов ва тутун. Биз юқорига чиқишимиз керак, — дейди аёл.
Нима қилиш кераклиги ҳақида тортишув бошланади. Шу пайт Кларк кимнингдир ёрдам сўраб бақираётганини ва тақиллатиш овозларини эшитади. Бу Стенли Праймнат эди. Самолёт минорага урилганида Праймнат деярли жароҳат олмаган, бироқ вайроналар орасида қолиб кетган эди. У узоқдан Кларкнинг фонари ёруғлигини кўриб, ёрдам сўраб бақира бошлаганди.
Фото: Ню Ёрк полиция департаменти
Кларк ва унинг яна бир ҳамкасби Праймнат томон йўл очишга киришади. Гуруҳдаги қолган одамлар эса зинапояда учраган аёлнинг маслаҳатига қулоқ солиб, уларни олиб кетадиган вертолётларни кутиш учун яна юқорига кўтарилади. Кейинчалик уларнинг бирортаси ҳам омон қолмаган.
Кларкнинг ҳамкасби тутундан заҳарланиб, ортга қайтишга мажбур бўлади. Кларк эса ёлғиз қолади. У вайроналарни суриб, Праймнатгача етиб боради. Сўнг уни кийимининг ёқасидан тортиб, баландлиги икки метрдан ошадиган гипсокартон девор парчасининг нариги томонига олиб ўтади. Иккаласи ҳам полга йиқилади. Кларк кейинчалик ўша лаҳзаларни шундай эслайди:
“Биз йиқилдик ва у мени маҳкам қучоқлаб, ўпиб юборди. ъНима бўляпти, нима қиляпсан?ъ дедим. Кейин унга қўлимни узатиб, ъМен Браян Кларкманъ, дедим. У эса ъСтенли Праймнатман. Энди биз умр бўйи ака-укамизъ, деди. ъЯхши, менинг аслида ака-укам ҳам, опа-синглим ҳам йўқъ, деб жавоб бердим”.
Кларкнинг айтишича, у Праймнатнинг кафтидаги кесилган ярани кўрган ва унинг қўлини ўзининг вайроналарни тозалаш вақтида жароҳатланган кафти билан ушлаган. Кларк учун бу уларнинг энди “қондош” бўлиб қолганининг рамзига айланган.
— Қани, дўстим. Уйга кетамиз, — дейди Кларк.
Улар биргаликда А зинапояси орқали пастга туша бошлайди. Зинапоя поғоналари вайрона бўлаклари билан тўсилиб қолган, айрим жойларда тутун ва аланга кўринарди. Аммо уларнинг йўлини бутунлай тўсиб қўядиган даражада ёнғин йўқ эди.
68-қаватда улар Эуро Брокерсъда Кларк билан бирга ишлайдиган яна бир ҳамкасбини учратади. У кимгадир ёрдам бериш учун юқорига кўтарилаётган эди. Кларк ва Праймнат уни ўзлари билан бирга пастга тушишга кўндирмоқчи бўлади, аммо у рози бўлмайди. Кейинчалик у ҳам ҳалок бўлади.
44-қаватга етганларида чироқлар ишлаб турар, бироқ алоқа ҳали тикланмаган эди. Шу ерда кўк хизмат кийимидаги Жаҳон савдо маркази қўриқчиси уларга мурожаат қилади. Унинг ёнида оғир жароҳатланган бир эркак ётарди. Қўриқчи улардан телефонга етиб бориши билан шифокорларни чақиришни сўрайди.
Фото: АП Пҳото
“ъҚўлимиздан келган барча ишни қиламизъ, дедик ва уни ўша ерда қолдирдик. У ҳеч ким билмайдиган, эътибордан четда қолган қаҳрамон эди”, — деб эслаган кейинчалик Кларк афсус билан.
Яна бир неча қават пастга тушгач, улар 911 хизматига қўнғироқ қилади. Шундан сўнг шошилмасдан Жанубий минора вестибюлидан ўтиб, кўчага чиқади. Уларнинг ҳеч бири бино қулаб тушиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Ҳатто пастга тушишда вайрона бўлакларига жароҳатланиб қолмаслик учун зинапоядан атайлаб эҳтиёткорлик билан юришган.
Жаҳон савдо маркази атрофида ўт ўчирувчилар ҳаракатланарди. Ташқаридан қараганда, улар ҳам ваҳимага тушмагандек кўринарди — гўё одатдаги навбатдаги ёнғинни ўчиришга ҳозирлик кўраётгандек эди. Кларк ва Праймнат бир неча квартал юриб, черков ёнига етиб боради. У ерда улар икки нафар руҳонийни учратди. Уларни кўриши билан Праймнат бирдан йиғлаб юборади.
— Бу одам менинг ҳаётимни сақлаб қолди, — деди у Кларкни кўрсатиб.
Кларк ҳам ҳаяжонланиб: “Менимча, сен ҳам менинг ҳаётимни сақлаб қолдинг. Айнан сен туфайли юқорига чиқиш керакми ёки пастга тушиш керакми, деб тортишишни бас қилдим. Ҳозир мен шу ердаман, омонман. Қоронғилик ичида сенинг овозингни эшитганим туфайли бинодан чиқишга муваффақ бўлдим”, — деб жавоб берди.
Улар черков ичига киришга қарор қилади. Аммо олдин ортларига ўгирилиб, алангага ўралган Жаҳон савдо маркази минораларига қарашади.
— Биласанми, менимча, улар қулаб тушиши мумкин, деди Праймнат.
— Асло. Ахир улар пўлат конструксиялардан қурилган-ку... дея жавоб беради Кларк.
У гапини тугатишга ҳам улгурмай, Жанубий минора уларнинг кўз ўнгида қулай бошлайди.
Бу соат 09:59 да — самолёт минора билан тўқнашганидан 56 дақиқа ўтиб ва Праймнат билан Кларк бинони тарк этганидан тахминан беш дақиқа кейин содир бўлади. Бир зумда уларни қурилиш чангидан ҳосил бўлган улкан тўлқин қоплаб олади. Атрофдаги ҳамма нарса оппоқ тусга киради — гўё илк қор ёғгандек эди.
Уйига етиб олишга уринаётган омон қолганлар Манхеттен бўйлаб пиёда йўлга тушади. Аммо одамлар орасидаги гавжумликда Кларк ва Праймнат кутилмаганда бир-бирини йўқотиб қўяди. Яхшиямки, бундан олдин Праймнат ўз ташриф қоғозини Кларкнинг қўлига тутқазишга улгурган эди.
Кларк Ню Жерсига борадиган паромга чиқади. Паром Манҳеттеннинг жанубий чеккасини айланиб ўтаётганида у эгизак миноралар энди йўқлигини кўради. Шимолий минора соат 10:28 да — Жанубий минора қулаганидан 29 дақиқа ўтиб қулаб тушган эди.
“Албатта, ўша пайтда биз — паромдаги одамлар — самолётлар олиб қочилгани, Пентагонга қилинган ҳужум ёки Пенсилванияда қулаган самолёт ҳақида ҳеч нарсани билмасдик. Умуман нима бўлаётганини тушунмасдик. Аммо ўнг томонимизда Жаҳон савдо маркази жойлашган эди ва мен 27 йил ишлаган бино энди йўқлигини кўрдим. Ҳамма жим эди”, дея эслайди Кларк.
Ўша куни уйига қайтаётган Кларк УСА Тодай мухбирига дуч келади. Журналист Ню Жерсидаги Глен Рок бекатида поезд кутаётган ва бошдан оёқ чангга беланган Кларкни кўриб қолади. У Кларкдан Жаҳон савдо марказидан чиққанми, деб сўрайди.
Эртаси куни УСА Тодай газетасида “84-қаватдан даҳшатли тушиш” сарлавҳали мақола чоп этилади. Бу Кларк ва Праймнатнинг қандай омон қолгани ҳақидаги илк ҳикоя эди, аммо кейинчалик бундай материаллар яна кўплаб пайдо бўлади.
Кларк бошдан кечирган кучли стресснинг жиддий психологик оқибатларини деярли сезмаган. Праймнатда эса травма вақтинча хотира йўқолиши кўринишида намоён бўлади. У бир муддат ҳатто хотини ва фарзандларини ҳам таний олмай қолган.
“Мен бу бегона аёл нима учун уйимизда икки бола билан юрибди ва нега ўз уйига кетмаяпти, деб тушунмасдим. У мен билан бир хонада бўлгани учун ухлашдан ҳам бош тортардим… Бу ҳолат қанча давом этганини билмайман. Фақат бир куни ўрнимдан туриб, унга қараганимни, бирдан уни таниб қолганимни ва гўё ўзимга келганимни эслайман”, деган Праймнат.
Жаҳон савдо марказидан мўжизавий тарзда омон қолиши Праймнатнинг эътиқодини янада мустаҳкамлайди. Терактдан беш йил ўтиб, у руҳоний бўлади. Праймнат ўша куни ҳам, ундан кейинги йилларда ҳам Худо уни асраб келганига ишонади. 11-сентябр терактларидан буён ўтган 25 йил давомида у лейкоз, СОВИД-19 нинг оғир шаклини бошдан кечиради, шунингдек, юрагида тўртта томирни айланиб ўтувчи коронар шунтлаш операциясини ўтказади.
Кларк эса аксинча, вақт ўтиши билан пацифистга айланади. У АҚШнинг хориждаги ҳарбий можароларини ҳам, умуман инсон ўлдиришнинг ҳар қандай кўринишини ҳам қоралайди. Ҳатто 11-сентябр терактлари ортида турган “Ал-Қоида” етакчиси Усома бин Ладен ўлдирилганидан кейин АҚШ шаҳарлари кўчаларида бошланган тантаналар ҳам унинг ғазабини келтирган.
“Одамларнинг пикапларда кўчаларни айланиб, ъАҚШ!ъ деб ҳайқираётгани ва бошқа бир инсоннинг ўлимини нишонлаётганини кўриш мен учун жирканч эди. Уни қўлга олиш, сўроқ қилиш, қамоққа ташлаш — майли. Аммо инсоннинг ҳаётига зомин бўлиб, кейин буни байрамга айлантириш? Йўқ. Биз бундай бўлмаслигимиз керак”, деган Кларк.
Праймнат ва Кларк чорак аср давомида ўз дўстлигини сақлаб қолди. Улар ўз ҳикоясини журналистлар, мактаб ўқувчилари ва черков жамоаларига бирга сўзлаб берди. Фарзандларининг тўйларини ва невараларининг дунёга келишини бирга нишонлади. Йиллар давомида бирга улғайиб, бирга қариди. Ҳозир Кларк 79 ёшда, Праймнат эса 69 ёшда.
Улар ҳозир камдан-кам учрашади, аммо камида ҳар икки ойда бир марта телефон орқали гаплашиб туради.
“Агар эртага вафот эцам ва кимдир менинг дафн маросимимда сўзлаши керак бўлса, бу Браян бўлишини истардим. Ўша куни — 11-сентябрда мен ўз қўриқчи фариштамни топдим ва бунинг учун миннатдорман. Агар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, мени қутқарган шу инсон бўлмаганида, мен ҳалок бўлардим. Мен ундан ҳамма нарса учун қарздорман. Агар унга менинг қўлим ёки оёғим керак бўлганида, ҳеч иккиланмай берардим”, — дейди Праймнат.

