Ню Ёркда 11-сентябр хотирасига эгизак миноралар “тикланди” (видео)

Ню Ёркда 11-сентябр хотирасига эгизак миноралар “тикланди” (видео)
Ню Ёркда 11-сентябр терактлари қурбонлари хотирасига дронлар ёрдамида эгизак миноралар манзараси қайта яратилди.
Ёруғлик тарқатувчи дронлар эгизак миноралар силуетини тўлиқ ҳажмда гавдалантирди. Ишлатилган 2977 та дрон терактда ҳалок бўлганлар сонини рамзий тарзда ифодалади. “Гудзон узра 2977 та чироқ” номли лойиҳа Скй Элеменц томонидан Ню Ёрк санъат фонди кўмагида ташкил этилди.
Визуал консепсияни ишлаб чиқишда 11-сентябр фожеасидан омон қолган қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, полициячилар ҳамда ҳалок бўлганларнинг яқинлари қатнашди. Шоу эгизак бинолар ўрнида ҳар йили ўтказиладиган инсталляция ёнида намойиш қилинди.
2001-йилда “Ал Қоида”га алоқадор 19 нафар террорчи тўртта йўловчи самолётини олиб қочиб, улардан иккитасини Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига, яна бирини Пентагон биносига урган. Тўртинчи самолёт эса йўловчиларнинг террорчиларга қарши чиқиши ортидан Пенсилваниядаги далага қулаган. Ню Ёрк тарихидаги илк мусулмон мер Зоҳран Мамдани 11-сентябр куни теракт қурбонлари хотирасига бағишланган тадбирда иштирок этиши кутилмоқда.
Яқинда шаҳар маъмурияти 11-сентябр терактларидан кейин ҳаво сифати қандай бўлганига оид ҳужжатларни эълон қилди. Уларда ҳавода хавфли моддалар бўлгани кўрсатилган, бироқ ўша пайтда аҳолига ҳаво сифати хавфсиз экани таъкидланган.
Ҳужжатларга кўра, ҳавода бир неча ой давомида асбест ва саратонни келтириб чиқариши мумкин бўлган бензол миқдори юқори бўлган. Аммо шаҳар мери Рудолф Жулиани ва унинг ўрнини эгаллаган Майкл Блумберг ҳаво сифати аҳоли учун хавфсиз эканини таъкидлаб келган.

