АҚШда 11-сентябр терактидан кейин аҳолига ёлғон маълумот берилгани аниқланди

АҚШда 11-сентябр терактидан сўнг аҳолига нотўғри маълумот берилгани маълум бўлди
Ню Ёрк маъмурияти 2001-йил 11-сентябрдаги терактлардан кейинги ҳаво сифати ҳақидаги ҳужжатларни ошкор қила бошлади. Уларда ҳавода хавфли моддалар мавжуд бўлгани қайд этилган, аммо ўша даврда аҳолига ҳаво сифати хавфсиз экани айтилган.
Терактлардан бир неча ой ўтгач ҳам Қуйи Манхеттенда ҳавода асбест ва бошқа хавфли моддалар аниқланган. 2002-йил июлида, ҳужумлардан ўн ой ўтганига қарамай, мутахассислар эгизак миноралардан 1,5 километрдан камроқ узоқликдаги Жон-стрит биносида ҳам асбест изларини топган. Улар бинонинг пештоқи, томи ва Қуйи Манхеттеннинг бошқа ҳудудларида аниқланган.
Баъзи намуналарда асбест миқдори рухсат этилган меъёрлардан юқори чиққан. Ҳужжатларда, шунингдек, миноралар вайрон бўлган ҳудуд яқинида саратонни келтириб чиқариши мумкин бўлган бензолнинг юқори консентрацияси кузатилгани ҳам қайд этилган.
Шу билан бирга, терактлардан кейин ўша пайтдаги Ню Ёрк мери Рудолф Жулиани ва унинг ўрнини эгаллаган Майкл Блумберг ҳаво сифати аҳоли учун хавфсизлигини билдирган. Улар текширувлар натижасида ҳаво сифати рухсат этилган чегараларда эканини таъкидлаб келган. Бироқ ҳужжатларда соғлиқ учун хавф сақланиб турган пайтда одамларга Жаҳон савдо маркази ҳудудига қайтишга рухсат берилгани кўрсатилган.
Ҳужжатлар 9/11 Ҳеалтҳ Ватч ташкилотининг суд даъвосидан кейин эълон қилинди. Унинг раҳбари Бен Чеватнинг айтишича, расмийлар заҳарли моддалар хавфидан хабардор бўлган, бироқ аҳолига ҳаво сифати хавфсиз эканини айтишда давом этган.
Янги маълумотлар жабрланганларга федерал компенсация олишда ёрдам бериши, шунингдек, янги суд даъволарига асос бўлиши мумкин. НЙТ маълумотларига кўра, кейинги йилларда терактлар оқибатидаги касалликлар сабаб вафот этганлар сони 11-сентябрда ҳалок бўлган қарийб 3 минг кишидан ҳам ошган бўлиши мумкин.
Браун университетининг Сосц оф Вар лойиҳаси ҳисоб-китобларига кўра, 11-сентябр терактларининг иқтисодий оқибатлари 35—109 миллиард долларга баҳоланган. Ҳужумлардан кейинги ҳарбий операциялар ва терроризмга қарши кураш чоралари эса АҚШга анча қимматга тушган. 2022-йилга келиб, улар билан боғлиқ харажатлар 5,8 триллион долларга, келажакдаги даволаниш ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда эса тахминан 8 триллион долларга баҳоланган.

