11-сентябр терактини режалаштирган шахс чорак асрдан сўнг, 2028-йилда суд қилинади

**11-сентябр терактини режалаштирган шахс устидан суд 2028-йилда бўлиб ўтади**
2001-йил 11-сентябр терактларини ташкиллаштиришда айбланаётган асосий шахс устидан суд мажлиси узоқ давом этган кечикишлар ва ҳуқуқий низолардан сўнг ниҳоят 2028-йилнинг ёзига белгиланди. АҚШ ҳарбий судяси Холид Шайх Муҳаммад ва яна уч нафар судланувчи бўйича суд жараёнининг янги санасини э'лон қилди.
Суд жараёни 2028-йил 5-июн куни бошланиши режалаштирилган. Бу прокурорлар дастлаб сўраган 2027-йил январ ойидан 18 ойга кечроқ муддатдир. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари судясининг қарорига кўра, қўшимча вақт судгача бўлган низоларни, жумладан, қандай далилларни кўрсатиш мумкинлиги бўйича келишмовчиликларни ҳал қилиш учун зарур.
Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида АҚШ ҳарбийлари ва кетма-кет алмашган АҚШ маъмуриятлари бу қонли ҳужум ташкилотчисини жавобгарликка тортишга уриниб келмоқда.
2028-йилги суд санаси белгиланган муддатлар ва босқичлар бажарилишига боғлиқ бўлиб, бу суднинг яна кечикиши мумкинлигини англатади. Аввалроқ суд мажлиси 2021-йилга белгиланган, аммо кейинчалик бекор қилинган эди.
**11-сентябр ҳужумлари ташкилотчиси**
Холид Шайх Муҳаммад самолётларни олиб қочиб, уларни Жаҳон савдо маркази миноралари ҳамда Пентагонга уриш режасини тузганликда ва бошқарганликда айбланмоқда. Бошқа бир самолёт Пенсилваниядаги далага қулаган эди. Бу ҳужумларда 3000 га яқин одам ҳалок бўлган.
У ўзи билан тил бириктиришда айбланаётган бошқа уч судланувчи билан бирга суд қилинади. Тўрт судланувчи Кубадаги Гвантанамо базасида ушлаб турилган сўнгги маҳбуслар қаторига киради.
Покистонда туғилган Шайх Муҳаммад АҚШ ҳокимияти уни 2003-йил март ойида Покистонда ҳибсга олгунга қадар “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Ладеннинг асосий ёрдамчиларидан бири бўлган.
2025-йилда федерал апелляция суди Шайх Муҳаммадга айбини тан олиш эвазига қатл этилиш хавфидан қутилиш имконини берадиган келишувни бекор қилди. Бу келишув Муҳаммад ва унинг икки шериги учун умрбод қамоқ жазосини назарда тутган эди.
Шунингдек, келишув судланувчилардан қурбонларнинг оилаларини қизиқтирган барча саволларга жавоб беришни талаб қилган. Бироқ икки йиллик музокаралардан сўнг эришилган бу битимдан собиқ АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти воз кечган эди.

