АҚШда 11-сентябр терактини бошдан кечирган болалар саломатлиги устида тадқиқот ўтказилади

АҚШда 11-сентябр терактини бошдан кечирган болалар саломатлиги бўйича тадқиқот ўтказилади
2001-йил 11-сентябр куни АҚШнинг Ню Ёрк шаҳридаги Бутунжаҳон савдо маркази миноралари қулаган пайтда, улар атрофидаги ҳудудларда қарийб 25 минг бола яшаган ёки таҳсил олган. Уларнинг айримлари гўдак ёки эмаклайдиган ёшда бўлган, бошқалари эса ҳали онасининг қорнида эди. Энди Қўшма Штатлар ҳукумати уларнинг соғлиғини ўрганмоқчи.
Болалар чанг-тўзон, бетон зарралари, шиша синиқлари ва асбест каби заҳарли моддалар булутидан нафас олган бўлса-да, давлат томонидан молиялаштириладиган саломатлик тадқиқотларига деярли жалб этилмаган. Бундай дастурлар асосан қутқарувчилар ва катталарга қаратилган эди.
Натижада саратон, юрак-қон томир касалликлари ҳамда насл қолдириш билан боғлиқ муаммоларни кузатиш имкони бўлмаган. Ўша болалар бугун 30 ва 40 ёш оралиғига етган бир пайтда, бу касалликлар намоён бўлиши мумкин.
Бу бўшлиқни тўлдириш учун АҚШ Конгресси 2022-йилда махсус тадқиқотни молиялаштиришини билдирган. 2026-йил августида Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази ушбу лойиҳа учун тадқиқотчилардан аризалар қабул қилишини маълум қилди.
Тадқиқотда фожиа вақтида 21 ёшдан кичик бўлган ёки ҳали туғилмаган, Манхеттен ва Бруклинда яшаган одамлар иштирок этади. Таққослаш учун заҳарли моддаларга дуч келмаган шу ёшдаги инсонлар ҳам жалб қилинади.
Шифокор Жон Райбманнинг айтишича, катталарда ушбу фожиа оқибатида юзага келган ўнлаб турдаги саратон касалликлари аниқланган. Аммо болаларга таъсири ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар ҳануз йўқ.
Мутахассислар ўша болаларни бугун топиш ва уларни ўрганиш осон бўлмаслигини айтмоқда. Чунки улар бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетган. Шунга қарамай, бу тадқиқот келажакда урушлар ёки бошқа фожиалар ҳудудидаги болаларни ҳимоя қилиш усулларини тушунишга ёрдам беради.
11-сентябр терактидан кейин аҳолига ёлғон маълумот берилгани аниқланди
Ню Ёрк маъмурияти 11-сентябрдаги терактлардан кейин ҳаво сифати ҳақидаги ҳужжатларни эълон қила бошлади. Уларда ҳавода хавфли моддалар мавжуд бўлгани кўрсатилган, бироқ ўша вақтда аҳолига ҳаво сифати хавфсиз экани айтилган.
Терактлардан бир неча ой ўтгач ҳам Қуйи Манхеттенда ҳавода асбест ва бошқа хавфли моддалар аниқланган. 2002-йил июлида, ҳужумлардан ўн ой ўтган бўлса-да, мутахассислар эгизак миноралардан 1,5 километрдан камроқ масофадаги Жон-стрит биносида ҳам асбест изларини топган. Улар бинонинг пештоқи, томи ва Қуйи Манхеттеннинг бошқа қисмларида аниқланган.
Айрим намуналарда асбест миқдори рухсат этилган меъёрлардан ошган. Ҳужжатларда, шунингдек, миноралар вайрон бўлган ҳудуд яқинида саратонни келтириб чиқариши мумкин бўлган бензолнинг юқори консентрацияси кузатилгани қайд этилган.

