Технология

Дунё “кабиса сонияси”дан воз кечиши мумкин

Дунёда қўлланадиган вақт тизими яқин келажакда Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши билан бевосита боғлиқ бўлмай қолиши мумкин. Бу масала октабр ойида Халқаро ўлчовлар ва тарозилар бюроси доирасида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Дунё “кабиса сонияси”дан воз кечиши мумкин

Асрлар давомида одамлар сутканинг давомийлигини Ернинг айланишига қараб белгилаб келган.

Авваллари бир сония Қуёш суткасининг 1/86 400 қисми деб ҳисобланган.

Аммо ХХ асрнинг 1960-йилларида ниҳоятда аниқ атом соатлари пайдо бўлиши билан вақтни ўлчаш усули ўзгарди. Бундай соатларда вақт сезий атомларининг тебранишлари орқали аниқланади.

Амалдаги таърифга кўра, бир сония — сезий-133 атоми билан боғлиқ 9 192 631 770 та тебраниш даврига тенг вақт. Шу асосда ўлчанадиган вақт атом вақти деб аталади.

1972-йилдан бошлаб дунёда УТС — мувофиқлаштирилган жаҳон вақти қўлланилади. У атом соатларига асосланган, бироқ амалда Ернинг айланишига боғлиқ астрономик вақтдан жуда узоқлашиб кетмаслиги учун вақти-вақти билан тузатиб борилади.

Муаммо шундаки, Ер мутлақо бир хил тезликда айланмайди. Унинг айланиш суръати турли даврларда бироз тезлашиши ёки секинлашиши мумкин.

Шу сабаб атом вақти билан Ернинг ҳақиқий айланиши асосидаги вақт ўртасида фарқ юзага келади.

Бу тафовутни бартараф этиш учун УТСга кабиса сонияси — қўшимча бир сония киритиб келинган.

1972-йилдан бери бундай қўшимча сония 27-марта қўшилган.

Сўнгги йилларда вазият ўзгарган. Ер айрим даврларда аввалгига нисбатан тезроқ айлана бошлаган.

Натижада муаммони тузатиш учун энди қўшимча сония қўшиш эмас, аксинча бир сонияни олиб ташлаш, яъни “манфий кабиса сонияси”ни жорий этиш зарурати туғилиши мумкин.

Бундай ҳолат тарихда ҳали бирор марта кузатилмаган.

Шу боис мутахассисларнинг хавотири асосан вақтнинг ўзи билан эмас, замонавий технологиялар билан боғлиқ.

Бир сония инсон учун деярли сезилмайди. Аммо компютер тармоқлари, телекоммуникациялар, маълумотлар базалари, молиявий тизимлар ва сунъий йўлдош навигацияси каби соҳаларда вақтни жуда юқори аниқликда синхронлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.