Пул ва технология бор, мутахассис етишмайди: АҚШ космик саноатидаги муаммо
АҚШ Россия ёки Хитой билан узоқ давом этадиган эҳтимолий ҳарбий можаро шароитида йўқотилган ҳарбий космик тизимларини тезда тиклашда жиддий муаммога дуч келиши мумкин. Бунга ракета, сунъий йўлдош ёки молиявий ресурслар эмас, балки етарли миқдорда малакали муҳандислар, техниклар ва йиғувчиларнинг йўқлиги сабаб бўлиши мумкин.

Пул ва технология мавжуд, аммо мутахассислар етишмайди: АҚШ космик саноатидаги муаммо
Шундай хулосага АҚШнинг РАНД таҳлилий корпорацияси экспертлари келган.
Янги тадқиқотда эҳтимолий узоқ муддатли можаронинг илк босқичларида йўқотилган сунъий йўлдошлар ва уларга хизмат қилувчи ёрдамчи тизимларни АҚШ қанчалик тез тиклай олиши таҳлил қилинган.
Тадқиқот муаллифлари йўқотилган космик имкониятларни қайта тиклаш учун 12 ойдан 24 ойгача бўлган муддатни мезон сифатида олган.
Бу АҚШ космик саноати учун жуда юқори тезлик ҳисобланади. РАНД баҳосига кўра, одатий шароитда эскирган сунъий йўлдошни алмаштириш жараёни қарийб 10 йил давом этиши мумкин.
Тадқиқотчилар АҚШ мудофаа космик саноати 2027–2032-йиллар давомида фавқулодда юқори ишлаб чиқариш суръатини сақлаб қола оладими, деган саволни ўрганган.
Хулоса ижобий эмас.
Мутахассислар фикрича, ҳозирнинг ўзида мавжуд кадрлар танқислигини бартараф этишнинг ўзи бир неча йил вақт олиши мумкин. Шу сабабли йўқотилган космик имкониятларни 12–24 ой ичида тиклаш эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда.
Тадқиқот генерал Майкл Гетлейн ташаббуси билан бошланган. Ҳозир у АҚШнинг Голден Доме — “Олтин гумбаз” дастурига раҳбарлик қилади. Тадқиқот бошланган пайтда эса Космик операциялар раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган.
Муаллифлар 2024-йил октабридан 2025-йил мартигача АҚШ меҳнат ва таълим бозори бўйича федерал статистик маълумотларни таҳлил қилган. 2025-йил май-июл ойларида эса саноат вакиллари ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари билан суҳбатлар ўтказилган.
РАНД космик саноат учун зарур кадрларни уч асосий тоифага ажратган.
Биринчи тоифа — космик тизимларни лойиҳалаш, ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи муҳандислар.
АҚШда бакалавр ёки ундан юқори даражадаги маълумот талаб қиладиган муҳандислик лавозимларида қарийб 3 миллион киши ишлайди.
Бир қарашда бу жуда катта кадрлар захираси бўлиб кўринади. Аммо уларнинг атиги тахминан 3 фоизи РАНД космик саноатни таъминловчи соҳалар қаторига киритган йўналишларда ишлайди.
Булар қаторига сунъий йўлдош алоқаси, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ҳамда оптик шиша каби нометалл минерал маҳсулотларни ишлаб чиқариш киради. Шу билан бирга, мазкур ҳисоб-китобга аерокосмик ишлаб чиқариш киритилмаган.

