Технология

Дори-дармонлар қандай ишлаб чиқарилади? Журналистлар учун ГЕРОПҲАРМ компаниясига пресс-тур ташкил этилди

Дори воситалари қандай тайёрланади? Журналистлар учун ГЕРОПҲАРМ компаниясига пресс-тур уюштирилди

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжондан келган бир гуруҳ журналистлар Россиянинг “ГЕРОПҲАРМ” фармацевтика компанияси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташкил этилган пресс-турда қатнашди. Сафар давомида уларга дори воситаларининг асосий фаол моддалари қандай ишлаб чиқарилиши, маҳсулот сифати қандай назорат қилиниши ва ишлаб чиқариш жараёнлари қай тарзда автоматлаштирилгани кўрсатиб берилди.

Компаниянинг ишлаб чиқариш сехлари Санкт-Петербург яқинидаги Пушкин шаҳрида жойлашган. Бу ерда қарийб 400 нафар ходим меҳнат қилади. Ходимларнинг тахминан 30 фоизи сифатни назорат қилиш ва таъминлаш бўлимларида ишлайди. Мажмуа учта асосий сехдан иборат. 2017-йилда оригинал препаратлар, 2018-йилда инсулин, 2024-йилда эса таблеткалар ва капсулалар ишлаб чиқариш сехлари ишга туширилган.

Корхонада дори таркибидаги асосий фаол моддалар ишлаб чиқарилади. Кейинчалик айнан шу моддалар асосида тайёр дорилар тайёрланади. Ишлаб чиқаришнинг кейинги босқичи компаниянинг Москва вилоятидаги Оболенск шаҳрида жойлашган бошқа корхонасида амалга оширилади.

Пресс-тур чоғида журналистларга ишлаб чиқаришнинг асосий босқичлари ва сифат назорати тизими намойиш этилди. Эътиборлиси, корхонадаги жараёнларнинг катта қисми автоматлаштирилган. Айрим сехларда автоматлаштириш даражаси 90 фоизгача етади.

Масалан, технолог клапанларни қўлда очиш, суюқликларни ўлчаш ёки ускуналар параметрларини доимий ўзгартириш ўрнига, олдиндан тайёрланган ва текширилган электрон рецептни ишга туширади. Шундан сўнг тизим белгиланган операциялар кетма-кетлигини мустақил бажаради, мутахассис эса асосий босқичларни кузатиб боради.

Бунда деярли ҳар бир бажарилган ҳаракат видеога муҳрланади. Агар кейинчалик айрим сериялар бўйича саволлар туғилса, мутахассислар унинг қайси ускунада ишлаб чиқарилганини, у билан ким ишлаганини, қандай кўрсаткичлар қайд этилганини ва ускуна қачон текширувдан ўтганини аниқлай олади.

“ГЕРОПҲАРМ” Ўзбекистонда фармацевтика бозорида 20 йилдан ортиқ фаолият юритиб келмоқда. Компаниянинг асосий йўналишларидан бири аҳолини қандли диабет, семириш, шунингдек, неврологик ва офталмологик касалликларни даволаш учун ҳаётий муҳим дори воситалари билан таъминлашдан иборат. Компания, шунингдек, семиришни даволаш учун инновацион препаратларни тақдим этиб, замонавий терапия имкониятларини кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда. 2026-йилда “ГЕРОПҲАРМ”нинг эндокринология йўналишидаги асосий маҳсулотлари “Ҳалол” сертификатидан муваффақиятли ўтди, бу эса препаратларнинг юқори сифат стандартлари ва минтақанинг маданий қадриятларига қатъий мувофиқлигини тасдиқлайди.

Ишлаб чиқариш босқичлари давом этгани сари тозалик талаблари ҳам янада кучайиб боради. Муайян босқичдан бошлаб ходимни ишлаб чиқариш муҳитидан ҳимоя қилиш эмас, балки маҳсулотни инсоннинг ўзидан ҳимоя қилиш муҳим бўлиб қолади.

— Айрим босқичларда биз ўзимизни субстансиядан эмас, балки уни инсондан ҳимоя қиламиз. Чунки асосий ифлосланиш манбаи — инсон. Шу сабабли энг тоза ишлаб чиқариш зоналарига оддий кийимда кириш мумкин эмас. Ходимлар махсус, тук чиқармайдиган кийимларга алмаштирилади, сочларини ва тананинг очиқ қисмларини ёпади, дейди Ирина Спиркина.

Хоналарда ҳарорат, намлик, босим ва ҳавонинг ҳолати доимий назорат қилинади. Ишлаб чиқарилган ҳар бир субстансия серияси 20 дан ортиқ кўрсаткич бўйича таҳлилдан ўтказилади.

Агар тизим бирор оғиш ёки номувофиқликни аниқласа, мутахассислар унинг сабабини топмагунча маҳсулот ишлаб чиқаришга чиқарилмайди.

Пушкиндаги корхонада тайёрланган субстансия зарур ҳарорат режимига риоя қилинган ҳолда Оболенскдаги корхонага олиб борилади.

Уч кунлик пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди. Улар дори-дармон ишлаб чиқариш мураккаб ва масъулиятли жараён эканига, ҳар бир босқичда сифат ва хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилишига амин бўлишди.

— Университетда ўқиётганимизда беморларнинг касаллик тарихини доим таҳлил қилардик. Ташхисларда семириш доим учинчи, баъзан эса ҳатто тўртинчи ўринда турарди. Олд ўринларда асосан сурункали юрак ишемик касаллиги, гипертония ёки инфарст турарди.

Мен доим ўқитувчилардан: “Агар айнан семириш барча шу томир касалликлари ва оғир асоратларнинг асосий сабаби эканини тушунсак, нега уни рўйхатнинг энг охирига қўямиз?” деб сўрардим. Ўшанда ҳеч ким менга жавоб бера олмаган.

Фақат йиллар ўтиб, сабабини ўзим тушундим. Жавоб жуда оддий экан: у пайтларда семиришни даволаш учун дори воситалари йўқ эди. Агар дори бўлмаса, гўёки касалликнинг ўзи ҳам мавжуд эмасдек қараларди. Аммо бугун ёндашувлар ўзгармоқда: ортиқча вазн шунчаки эстетик муаммо эмас, балки расман оғир тиббий ташхислар тоифасига ўтди, — дейди мутахассислиги бўйича шифокор, компаниянинг илмий-тадқиқот маркази директори Роман Драй.

Роман Драй шу билан бирга тез натижага эришишга интилиш хавфли эканлиги ва вазн ташлашда тиббий меъёрларга риоя қилиш зарурлиги ҳақида алоҳида огоҳлантиради:

— Тез озиш мумкин эмас. Тиббиёт нуқтайи назаридан хавфсиз меъёр ойига тахминан 3–4 килограммни ташкил этади. Инсоннинг барча ички аъзолари ёғ қобиғи билан ўралган. Агар инсон бир ойда 10–20 килограмм вазн йўқоца, ички аъзолар организмдаги янги ҳолатга мослашишга улгурмайди. Бу тана учун жуда кучли стресс бўлади: соч тўкилади, ҳайз сикли бузилиб, гормонал ўзгаришлар ҳам содир бўлиши мумкин. Вазнни аста-секин, босқичма-босқич ва албатта шифокор назорати остида ташлаш керак, дейди Роман Драй.

Ижтимоий тармоқларда семаглутид ва тирзепатид атрофида мунтазам равишда хавотирли сарлавҳалар пайдо бўлади. Учрашув давомида Роман Драй уларни реал клиник тадқиқотлар маълумотлари билан таққослади.

— Бундай типга кирувчи дорилар қалқонсимон без саратонига сабаб бўлиши мумкин деган хавотир дастлаб ҳайвонларда ўтказилган тажрибалар асосида пайдо бўлган. Каламушларда тажриба ўтказилгач, уларнинг қалқонсимон безида айрим ўзгаришлар аниқланган. Чунки каламушларнинг қалқонсимон безида ГЛП-1 рецепторлари одамларга қараганда бир неча баравар кўп. Одамларда эса вазият бошқача. 17,6 минг киши қатнашган СЕЛЕСТ тадқиқоти ва дунё бўйича 50 мингдан ортиқ одам иштирок этган клиник тадқиқотларда семаглутид ёки тирзепатид қабул қилиш билан боғлиқ қалқонсимон без саратони ҳолати аниқланмаган.

Бу дорилар суякларга зарар етказиши мумкин деган фаразлар ҳам қулоғингизга чалингандир. Бу фикрлар ҳам айрим биокимёвий кўрсаткичларга асосланган. Аммо амалиётда суяк синишлари кўпайганини кўрсатувчи аниқ статистика келтирилмаган. Аксинча, вазн камайиши бўғим ва суякларга тушадиган ортиқча юкни камайтиради.

“Ошқозон фалажи” ёки гастропарез ҳақида ҳам турли гаплар тарқалган. Препаратлар ҳақиқатан ҳам ошқозон фаолиятини бироз секинлаштиради. Бу одамнинг узоқроқ вақт давомида тўқлик ҳис қилишига ёрдам беради. Лекин ошқозон фаолияти бутунлай тўхтаб қолган ҳолатлар клиник тадқиқотларда қайд этилмаган. Ноқулайликлар, асосан, организм дори таъсирига мослашаётган биринчи ойда кузатилиши мумкин.

Айрим одамлар препаратни қабул қилганда, ёғ билан бирга мушак массаси ҳам камаядими, деб сўрашади. Вазн ташлаш жараёнида организм нафақат ёғни, балки ёғсиз масса — яъни мушак, сув ва бошқа тўқималарнинг бир қисмини ҳам йўқотиши мумкин. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатадики, вазн камайишининг асосий қисми ёғ ҳисобига тўғри келади.

Шу сабабли вазн ташлаш даврида етарли миқдорда оқсил истеъмол қилиш ва мунтазам жисмоний машқлар, айниқса куч машқларини бажариш муҳим. Бу мушак массасини имкон қадар сақлаб қолишга ёрдам беради, дейди компаниянинг илмий-тадқиқот маркази директори Роман Драй.

Пушкин шаҳридаги заводга журналистик ташриф ҳар доим ҳам амалга оширилавермайди. Чунки бу ерда ишлаб чиқариш жараёни қатъий интизом, юқори аниқлик ва доимий назорат остида олиб борилади. Нафақат препаратларни ишлаб чиқариш, балки уларни сақлаш жараёни ҳам алоҳида эътибор билан назорат қилинади.

Пресс-тур давомида журналистларга препаратларнинг яратилиш жараёни — дастлабки микробиологик пробиркадан тортиб, омборда сақланаётган тайёр шприц-ручкаларгача бўлган босқичлар очиқ намойиш этилди. Илм-фан ва тиббиётнинг ривожланаётгани, албатта, яхши. Аммо замонавий препаратларнинг пайдо бўлиши инсонни жисмоний фаолликдан воз кечишга ёки овқатланишда ўзини чекламасликка ундамаслиги керак. Дори воситаси муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли эмас.

Унутманг, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ҳар қандай касаллик ва семизлик муаммосидан қутилишга ёрдам беради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.