Алматин онкология маркази дори-дармонларни бошқаришнинг роботлаштирилган тизимини жорий қилди

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Олмаота онкология маркази дори воситаларини қабул қилиш, тайёрлаш ва тарқатишни автоматлаштириш мақсадида роботлаштирилган дорихона тизими ҳамда дори воситаларини тайёрлашнинг ёпиқ, герметик тизимини ишга туширди. Ушбу технология дори-дармонлар муомаласининг асосий босқичларини, яъни дори воситаларини қабул қилиш ва сақлашдан бошлаб, уларни тайёрлаш ва беморларга тарқатишгача бўлган жараёнларни қамраб олади.
Тизимга кўра, ҳар бир дори воситаси ноёб рақамли кодга эга бўлади. Унинг ҳаракатланишининг ҳар бир босқичи қайд этиб борилади, бу эса мутахассисларга дори-дармонларни дорихона мажмуасига келиб тушган пайтдан бошлаб беморга берилгунга қадар кузатиб бориш имконини беради. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, ушбу тизим дори воситаларини тайёрлаш, жумладан, дозалаш ва улар билан ишлаш устидан қўшимча назоратни таъминлайди. Бу жараёнлар, айниқса, дори воситалари аниқлик билан тайёрланиши ва юборилиши шарт бўлган онкология соҳасида жуда муҳимдир.
Автоматлаштириш, шунингдек, дори воситалари билан ишлашда хатоликлар хавфини камайтириш ва тайёрлаш жараёни устидан назоратни кучайтиришга қаратилган. Ҳозирги вақтда Олмаота онкология марказида 38 000 дан ортиқ бемор рўйхатга олинган бўлиб, муассаса ҳар йили 27 000 дан ортиқ кишига тиббий ёрдам кўрсатади.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги саккиз йил ичида марказ томонидан кўрсатилаётган даволаш хизматлари ҳажми 2,5 бараварга ошди. Шу давр мобайнида беморлар орасида беш йиллик яшовчанлик кўрсаткичи 46 фоиздан 75 фоизгача кўтарилди.

