Иқтисодиёт

Давлат бюджети даромадлари олти ойда қарийб 44 фоизга кўпайди

**Давлат бюджети даромадлари олти ойда қарийб 44 фоизга ошди**

Ўзбекистон давлат бюджетига тушумлар 2026-йилнинг И ярмида 63 трлн сўмга кўпайди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 15-сентябр куни Сенат йиғилишида маълум қилди.

### Иқтисодий ўсиш тезлашди

Ҳукумат вакили сенаторларга давлат бюджетининг олти ойлик ижроси юзасидан ҳисобот берди. Унга кўра, январ—июн ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ошган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2025-йил И ярмида 7,2 фоизни ташкил этганди.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатда бозор хизматлари 16,9 фоиз, қурилиш 13,8 фоиз, саноат 8 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 4,7 фоизга ўсган.

“Ҳисобот даврида аҳоли реал даромадлари ўсиши 9,2 фоизни, чакана савдо айланмасининг ўсиши 20,2 фоизни, асосий капиталга инвестициялар 17,5 фоизни ташкил этди. Олтинни чиқариб ташлаганда экспорт ҳажми 31,6 фоизга, иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми эса 11,8 фоизга ўсди. Мана шулар ялпи ички маҳсулотимизни рағбатлантирувчи омиллардан бўлди”, деди вазир.

Ҳисобот даврида республикада йиллик инфляция 6,4 фоиз бўлиб, 2025-йилга нисбатан 2,3 фоиз бандга пасайган.

### Ғазна тушумлари кескин ошди

Жамшид Қўчқоров ярим йил ичида давлат бюджети даромадлари 207 трлн сўмга етганини билдирди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 63 трлн сўмга ёки 43,8 фоизга кўп.

“Мазкур даромадларнинг 149 трлн сўми (72 фоиз) Солиқ қўмитаси, 41 триллион сўми (20 фоиз) Божхона қўмитаси томонидан шакллантирилди. Иқтисодиётдаги юқори фаоллик, солиқ базаси кенгайиши, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган чоралар бюджет даромадларининг барқарор ўсишини таъминлади”, деди вазирлик раҳбари.

Даромадлар таркибида фойда солиғи тушумлари 51 трлн сўмга етиб, 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 баробарга ошган. Таъкидланишича, бу ўсишда жаҳон бозорида олтин ва мис нархининг кўтарилгани ҳамда корхоналарда таннархни қисқартириш орқали молиявий натижалар яхшилангани муҳим рол ўйнаган.

“Иш ҳақининг ўсиши, янги иш ўринларини яратиш, норасмий иш ўринларини легаллаштириш борасида амалга оширилган тадбирлар ҳисобига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 18,5 фоизга кўпайиб, 24 трлн сўмни ташкил этди. Товарлар айланмасининг кенгайиши ҳамда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сонининг кўпайиши натижасида ҚҚС бўйича тушумлар 43,5 триллион сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга кўпайди”, деди бош вазир ўринбосари.

Аксиз солиғидан тушумлар бир йил аввалгига нисбатан 12,6 фоизга ошиб, жами 11,4 трлн сўмни ташкил этган. Мол-мулк ва ер солиғи йиғимлари 11 трлн сўм бўлиб, 2025-йилнинг мос даврига қараганда 25,5 фоизга кўпайган.

### Даромадлар нималарга сарфланди?

Жамшид Қўчқоров 2026-йил И ярмида давлат бюджети харажатлари 206 трлн сўм бўлганини айтди. Бу 2025-йил И ярмига нисбатан 32 трлн сўмга кўп, яъни 18,4 фоизга ошган.

“Ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар миқдори 106 трлн сўмни ёки жами харажатларнинг 51,5 фоизини ташкил этди. Бунда таълим соҳасига 49,5 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн сўм кўп маблағ ажратилди”, деди вазир.

Ярим йил давомида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат боғчаларга 2 трлн сўмдан ортиқ субсидия ажратилган. Натижада 815 та янги нодавлат боғча фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 42 мингдан ортиқ янги ўрин яратилди. Шунингдек, 150 та боғчада бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 406 миллиард сўм сарфланган.

“Ҳисобот даврида республика бўйича 3-6 ёшдаги болаларнинг 78,4 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди. Умумий ўрта таълимга 34 трлн сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 трлн сўм кўпроқ маблағ ажратилди. Шундан соҳани ривожлантириш дастурлари учун 433 миллиард сўм йўналтирилди. Янги мактаблар қуриш, реконструксия қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бундан ташқари, соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш борасида яратилган шарт-шароитлар натижасида хусусий мактаблар сони мамлакатимиз бўйича 551 тага етди”, деди бош вазир ўринбосари.

Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасига 23 трлн сўм ёки 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 трлн сўм кўпроқ маблағ йўналтирилган. Бунда тиббиёт ходимларининг иш ҳақи ва ижтимоий солиқ тўловларига 16,3 трлн сўм, дори-дармон воситалари билан таъминлашга 1,7 трлн сўм сарфланган. Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига 18 трлн сўм ажратилган.

“Соғлиқни сақлаш дастурларига 822 млрд сўм йўналтирилди. Болаларни ваксинация тадбирларига 229 млрд сўм сарфланиб, 1,4 млн нафар бола 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари билан қамраб олинди. Ҳисобот даврида 241 та тиббиёт муассасасида қуриш ва таъмирлаш ишларига 716 млрд сўм ажратилди”, дея маълумот берди вазир.

Ҳисобот даврида спорт соҳасини қўллаб-қувватлашга бюджетдан 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Олти ой ичида нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларига 7,3 трлн сўм ажратилган. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 800 млрд сўмга кўп экани айтилди.

“Жумладан, 600 мингга яқин оилага 1,8 трлн сўмдан ортиқ болалар нафақаси ва моддий ёрдам пули тўлаб берилди. Шунингдек, 480 минг нафар ногиронлиги бўлган фуқарога 3 трлн сўмдан зиёд нафақа тўланди. 391 мингта муҳтож оилаларга электр энергияси ва табиий газ харажатлари учун 88 млрд сўм субсидия ажратилди”, деди ҳукумат вакили.

Жамшид Қўчқоров “Ташаббусли бюджет”нинг 2026-йил биринчи мавсуми учун жами 13,2 трлн сўм сарфланганини айтди. Ушбу маблағлар ҳисобига мамлакатдаги 2 минг 192 та лойиҳа молиялаштирилган.

Таҳлилларга кўра, жорий йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2025-йилдагига нисбатан қарийб 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда. 2025-йилдаги ўсиш 7,7 фоиз бўлган. Мамлакат ЙИМ ҳажми 2027-йилда жон бошига 5 минг доллардан ошиши кутилаётгани ҳам эълон қилинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.