Иқтисодиёт

Давлат қарзи 48 млрд доллардан ошди: кимлар қарз берди, пуллар нималарга сарфланди?

Давлат қарзи 48 миллиард доллардан ошди: кимлар қарз берди ва пуллар нималарга сарфланди?

2026-йил 1-июл ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 миллиард долларга етди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таҳлилига кўра, бу кўрсаткич бир йил аввалгидан 4,8 миллиард долларга кўпайган.

Давлат қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан 27 фоизни ташкил этди, бу бир йил олдинги 29,6 фоизга нисбатан камайишни кўрсатади.

Ташқи ва ички қарзлар улуши

Ўзбекистон ҳукумати томонидан жалб қилинган кредитларнинг 40,7 миллиард доллари ёки 84 фоизи ташқи қарзлар ҳиссасига тўғри келади. Қолган 7,6 миллиард доллари ички қарзлар бўлиб, умумий кредитларнинг 16 фоизини ташкил этган.

Давлат қарзининг асосий ўсиши ташқи қарзнинг кўпайиши ҳисобига юз берган – бир йилда 4,2 миллиард долларга ортган. Ички қарз эса 642 миллион долларга ўсган.

Ташқи қарзнинг 21,7 миллиард доллари (жами кўрсаткичнинг 45 фоизи) қатъий белгиланган фоиз ставкада, 18,7 миллиард доллари (39 фоизи) ўзгарувчан фоиз ставкада олинган кредитлар ҳисобланади. Яна 266 миллион доллар фоизсиз олинган қарзлар бўлган.

Давлат қарзининг валюта таркиби

Давлат ташқи қарзининг энг йирик улуши – 27,4 миллиард доллари АҚШ долларида олинган. Яна 3,9 миллиард доллар эквивалентидаги кредитлар евро, 2,7 миллиард доллар япон иенаси, 2,1 миллиард доллар ўзбек сўмида ва 1,5 миллиард доллари хитой юанида жалб этилган. Давлат ички қарзининг 5 миллиард доллари ўзбек сўмида, 2,4 миллиард доллари АҚШ долларида олинган.

Кимлар қарз берди?

Ташқи қарзларнинг 22,5 миллиард долларини (жами қийматнинг 55 фоизи) халқаро молия институтлари берган. Улар орасида Жаҳон банки Ўзбекистонга энг кўп кредитлар ажратган – 9,1 миллиард доллар. Кейинги ўринда Осиё тараққиёт банкидан олинган кредитлар улуши нисбатан юқори – 8,2 миллиард доллар. Ислом тараққиёт банки 1,2 миллиард доллар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки 2,3 миллиард доллар ажратган.

Республикага хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотлари берган қарзлар миқдори 11,45 миллиард долларга етган. Шундан 3,9 миллиард доллари Хитой банклари ҳиссасига тўғри келган. Яна 3,1 миллиард доллар Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқалардан жалб қилинган. Франсия тараққиёт агентлиги ва бошқалар эса 1,3 миллиард доллар берган.

Ўз навбатида халқаро инвесторлардан олинган қарзлар қолдиғи 6,8 миллиард долларга етган. Бу бир йил олдингидан 1 миллиард долларга кўп.

Қарзлар нималарга сарфланди?

Вазирлик ташқи қарзнинг тенг ярми (20,5 миллиард доллар) давлат бюджетидаги тақчилликни қоплашга сарфланганини маълум қилган. Ёнилғи-энергетикага 5,5 миллиард доллар, транспортга 3 миллиард доллар, қишлоқ ва сув хўжалигига 3,3 миллиард доллар йўналтирилган.

Уй-жой коммунал хўжалигига 3,4 миллиард доллар, соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот ва коммуникация технологиялари ҳамда бошқа секторларга 3,7 миллиард доллар ажратилган. Бизнесни қўллаб-қувватлашга 624 миллион доллар, кимё саноатига 605 миллион доллар берилган.

Давлат қарзининг ўсиш динамикаси

2019-йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 17,8 миллиард доллар бўлган. 2020-йилда бу рақам 23,36 миллиард долларга, 2021-йилда 26,3 миллиард долларга етган. 2022-йилга келиб, кредитлар улуши 29,2 миллиард доллар, 2023-йилда 34,9 миллиард доллар бўлган.

Ҳукумат қарзлари 2024-йилда 40,2 миллиард долларни, 2025-йил якунида 46,85 миллиард долларни ташкил этди. Давлат қарзининг энг йирик миқдорда ўсиши 2025-йилда юз берди – 6,6 миллиард доллар.

2026-йил И чораги якунида давлат ва мамлакатдаги тадбиркорлик субьектларининг умумий ташқи қарзи 82,2 миллиард долларга етганди. Шундан 40,5 миллиард доллар кредитлар давлат ташқи қарзи, 41,7 миллиард доллари эса корпоратив ташқи қарзлар экани маълум қилинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.