Бухорода туризм объектларига олиб борувчи пуллик йўлларни ташкил этиш имкониятлари ўрганилади
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида йўлларни таъмирлашга хусусий инвестицияларни жалб этиш, автобуслар етказиб беришни ва инфратузилмани ривожлантиришни жадаллаштиришни топширди.

Бухоро вилоятида туристик объектларни боғлайдиган пуллик автомобиль йўлларини қуриш имкониятларини ўрганиш назарда тутилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни вилоятни комплекс ривожлантиришга бағишланган йиғилишда шундай топшириқ берди.
Учрашувда йўл инфратузилмаси, жамоат транспорти ва коммунал хўжалик масалалари кўтарилди. 2026 йил бошидан вилоят йўлларини яхшилашга 900 млрд сўм ажратилди. Шу билан бирга, тирбандликлар, ҳаракат хавфсизлиги ва йўловчи ташишни ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, вилоятда 2 минг кмга яқин йўллар ва 266 та кўприк таъмирталаб ҳолатда. Президент инфратузилмани янгилаш учун хусусий капитални жалб қилиш зарурлигини таъкидлади ва туристик диққатга сазовор жойлар ўртасида пуллик трассалар ташкил этиш вариантларини ишлаб чиқишни топширди.
Жамоат транспортига алоҳида эътибор қаратилди. Йўналишлар тармоғининг бўш ривожлангани сабабли вилоят аҳолисининг тахминан 80 фоизи ишга, ўқишга ва кундалик юмушлари билан юришда шахсий автомобиллардан фойдаланади. Шу муносабат билан вилоятга 120 та автобус етказиб беришни жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Президент, шунингдек, Бухоро аэропорти ва темир йўл вокзалларида йўловчилар ва туристларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишни топшириб, ушбу объектлар меҳмонларда вилоят ҳақида илк таассурот шаклланишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, вилоятдаги 55 та маҳаллада марказлашган сув таъминоти йўқлиги муаммосини ҳал қилиш зарур. Мутасадди идораларга сув тармоқларини қуриш ва фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатларини белгилаш топширилди.
Бошқа вазифалар қаторида — маҳаллий иқлим ва Бухоронинг тарихий қиёфасини ҳисобга олган ҳолда дарахтларни танлаш, шунингдек, йўл бўйи ҳудудларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришда ягона ёндашувни жорий этиш бор.
Давлат раҳбари, шунингдек, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун турар жой массивлари қурилишини жадаллаштиришни талаб қилди.

