Бухорода нефт-кимё илмий-саноат кластери ташкил этилиши мумкин
Президент Когон туманида янги кластер ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Кластер вилоят корхоналарида ҳосил бўладиган хомашёни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилади.

Бухорода нефт-кимё илмий-саноат кластери ташкил этилиши мумкин
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Президент Бухородаги хомашё, энергия ресурслари ҳамда тадбиркорлар салоҳиятини бирлаштириш орқали уч йил ичида 28 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти борлигини таъкидлади.
Ушбу режанинг 17 млрд доллари нефт-газ ва кимё саноати ҳиссасига тўғри келади. Давлат раҳбари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг қувватларини ошириш учун нуфузли технологик компанияларни жалб этиш ва аниқ натижага эришиш вазифасини қўйди.
Умуман олганда, вилоят корхоналарида ҳосил бўладиган хомашёни чуқур қайта ишлаш мақсадида Когон туманида нефт-кимё илмий-саноат кластерини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Энергетика соҳасида қисқа муддатда қарийб 2 минг мегаватт қувватли электр стансиялари ишга туширилди. Келгуси уч йилда яна 3,1 минг мегаваттли шамол электр стансиялари ва 1 минг мегаваттли энергия сақлаш тизимларини барпо этиш режалаштирилган.
Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши узатиш ва тақсимлаш тармоқларини ҳам ривожлантиришни талаб қилади. Шу мақсадда уч йил ичида вилоятда 745 километр электр тармоғини қуриш режалаштирилган.
Енгил саноатда халқаро брендлар билан ҳамкорлик тажрибасидан фойдаланиб, Бухорода ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорларда янада кенгроқ тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Келаси йили бу йўналишда камида 1 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва экспортни икки баравар ошириш вазифаси белгиланди.

