Бухородаги нефт-кимё кластерини кенгайтиришга 292 млн доллар инвестиция киритилади
2028-йил якунига қадар корхонанинг йиллик қайта ишлаш қувватини қўшимча 400 минг тоннага ошириш ва 700 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Бухородаги нефт-кимё кластерини кенгайтиришга 292 млн доллар йўналтирилади
Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги Текҳночем корхонасига ташриф буюриб, нефт-кимё кластерининг фаолияти ҳамда истиқболдаги лойиҳалари билан танишди.
Давлат раҳбарига кластерни кенгайтиришнинг кейинги босқичи ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, 2028-йил охиригача 292 млн долларлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида газ конденсати ва нафтани қайта ишлаш, ароматик углеводородлар ҳамда эритгичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада корхонанинг йиллик қайта ишлаш қуввати яна 400 минг тоннага ошиши ва 700 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, “Текҳночем” корхонаси 69 гектар майдонда жойлашган бўлиб, унда қарийб 500 нафар ходим ишламоқда. Кластер нефт ва газ конденсати, нафта, метанол ҳамда пиролиз дистиллятини қайта ишлашга ихтисослашган. Ушбу йўналишдаги мажмуа Ўзбекистонда ягона ҳисобланади.
Корхонада йилига 100 минг тонна пиролиз дистилляти, шунингдек, 160 минг тонна нафта ва газ конденсатини қайта ишлаш қуввати мавжуд. Қайта ишлаш жараёнида ёқилғи билан бирга кимё саноатида ишлатиладиган маҳсулотлар ҳам олинади. Жумладан, октанбустер бензин сифатини оширишда, эритгичлар эса бўёқ, лак, елим ва маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланади.
Корхона экспорт ҳажмини ҳам оширишни режалаштирмоқда. Хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Европа Иттифоқи мамлакатларига йилига 180 минг тоннага яқин нефт-кимё маҳсулотлари, автобензин ҳамда дизел ёқилғисини экспорт қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2028–2030-йилларда 150 минг тонна суюлтирилган газни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши технологлар, муҳандислар, кимёгарлар ва лаборатория мутахассисларига бўлган эҳтиёжни ошириши кутилмоқда.
Шу муносабат билан президент ҳудудда касбий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари кластернинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда янги қувватлар учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тавсиялар берди.

