Президент Қашқадарёга ташрифни тўқимачилик кластеридан бошлади
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил 13-мартда қабул қилинган қарор доирасида кластер томонидан мато ишлаб

Президент Қашқадарёга ташрифни тўқимачилик кластеридан бошлади
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, «Қашқадарё» эркин иқтисодий зонасидаги «Султон Тех Гроуп» тўқимачилик кластери фабрикаси фаолияти билан танишди.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил 13-мартда қабул қилинган қарор доирасида кластер томонидан мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси барпо этилди. Қиймати 54 миллион доллар бўлган лойиҳа ҳисобига йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга линиялар ишга туширилди. Фабрикада 840 та иш ўрни яратилди.
Корхонада сув ва энергия сарфини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қиймати 3 миллион доллар бўлган ёпиқ сув айланиши тизими ишлаб чиқаришда ишлатилган сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб, қайта фойдаланиш имконини беради. Натижада йилига 1,1 миллион куб метр сув тежалади.
Фабрикани узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун газ генератори ўрнатилган. Бино томи ва деворларига умумий қуввати 3,5 мегаватт бўлган қуёш панеллари жойлаштирилган. Бу ечимлар электр энергияси, иссиқ сув ва буғ таъминоти харажатларини камайтириб, маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади.
Келгусида «Султон Тех Гроуп» кластери мазкур эркин иқтисодий зонада 70 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириб, 3 минг 570 та иш ўрни яратиши режалаштирилган. Вилоятнинг бошқа туманларидаги қиймати жами 17 миллион доллар бўлган лойиҳалар эса яна 1 минг 220 кишини иш билан таъминлаши кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари фабрикадаги ишлаб чиқариш жараёни ҳамда маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. У ерда жорий этилган ресурс тежамкор технологиялар бошқа тўқимачилик корхоналари учун намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.
Корхонада меҳнат қилаётган Дилором Холиёрова Президентимиз билан суҳбатда иш ўрни ва яратилган шароитлардан мамнун эканини айтиб, кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
– Инсон меҳнат қилса, албатта, натижаси ҳам бошқача бўлади. Мана шу янги авлод тадбиркорларимиз билан ҳозир мутлақо бошқа даражага чиқяпмиз, улар нафақат қўшимча қиймат занжири яратяпти, балки «яшил» технологиялар билан экологияга ғамхўрлигини ҳам намоён этмоқда.

