Хитой компанияси Қашқадарёда 150 млн долларлик чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи завод қурмоқда
Корхона ишга тушгач, йилига 240 миллион киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда

Қашқадарё вилоятида Хитой компанияси томонидан 150 миллион долларлик чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи завод қурилмоқда. Ушбу лойиҳа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан чиқиндиларни қайта ишлаш ва муқобил электр энергияси ишлаб чиқаришни мақсад қилган.
Ўзбекистонда ҳар йили 14 миллион тоннадан зиёд маиший чиқинди ҳосил бўлади, Қашқадарё вилоятида эса бу кўрсаткич 930 минг тоннани ташкил этади. Қарши туманида барпо этилаётган ушбу завод лойиҳасининг умумий қиймати 150 миллион долларни ташкил этиб, уни Хитой компанияси амалга оширмоқда. Корхона 8 гектар майдонни эгаллайди.
Лойиҳа режасига кўра, заводда кунига 1 500 тонна, ойига эса 45 минг тонна чиқинди қайта ишланади. Корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 240 миллион киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Лойиҳа вакилларининг таъкидлашича, чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнида атмосферага зарарли газлар чиқишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Заводга экологик таъсирни камайтирувчи замонавий филтрлар ўрнатилмоқда. Атмосферага чиқарилаётган газлар вилоят Экология бошқармаси томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилади.
Ҳозирда завод қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Қурилиш ишларига 30 га яқин замонавий техника, шунингдек, 300 дан ортиқ маҳаллий ва хитойлик ищи ҳамда мутахассислар жалб қилинган.
Лойиҳа доирасида маҳаллий кадрларни тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунга қадар 20 нафарга яқин маҳаллий талаба хитойлик мутахассислар иштирокида ўқитилган. Келгуси беш йил ичида корхона ходимларининг 80–90 фоизини маҳаллий кадрлар ташкил этиши режалаштирилган.
Завод учун Хитойдан энг замонавий технологиялар олиб келинган. Ушбу лойиҳа чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш, экологик вазиятни яхшилаш ва электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган.

