Шавкат Мирзиёев Нукус Инсулатион Гроуп корхонаси фаолияти билан танишди

Шавкат Мирзиёев Нукус Инсулатион Гроуп корхонаси фаолияти билан танишди
Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида жойлашган Нукус Инсулатион Гроуп корхонасининг фаолияти билан танишди.
Корхонада маҳаллий базалт хомашёсидан замонавий иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқарилмоқда.
Лойиҳа давлат раҳбарининг 2024-йил 9-февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган.
Умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган корхонага Европада ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилган. Улар маҳаллий хомашёдан халқаро стандартларга мос маҳсулот тайёрлаш имконини беради.
Корхонанинг йилига 300 миллиард сўмлик 50 минг тонна иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқариш қуввати бор. Бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилган.
Базалт асосидаги изоляция материаллари ёнғинга чидамлилиги, иссиқликни сақлаш хусусияти ва узоқ хизмат муддати билан ажралиб туради. Уларнинг қурилишда қўлланиши бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш, иситиш ва совитиш харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Давлат раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар билан танишиб, корхона жамоаси билан самимий суҳбатлашди. Шу ернинг ўзида Қорақалпоғистон туманларига бириктирилган вилоятлар ҳокимлари ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.
Президент вилоятлар кўмагида ушбу туманларни қўллаб-қувватлаш ва ободонлаштириш ишларини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ва ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиб, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

